Жамият | 12:34 / 26.12.2016
8319
3 дақиқада ўқилади

Хитойда Мао Цзэдуннинг 123 йиллиги нишонланмоқда

Фото: ria.ru

Хитойда, мамлакатдаги "маданий инқилоб" даврида Мао Цзэдун шарафига барпо этилган 180 га яқин ёдгорлик аниқланди. Бу ёдгорликлар Хитой Коммунистик партияси доҳийсининг таваллудига 123 йил бўлиши муносабати билан ҳисоблаб чиқилган, деб ёзмоқда Global Times нашри.

26 декабрда Мао Цзэдун таваллудига 123 йил тўлади. Мамлакатнинг кўплаб фуқаролари унинг хотирасини ёдга олиш учун ёдгорликларни зиёрат қилади. Уларнинг аксарияти кекса ёшли кишилардир. Маҳаллий ОАВ ёзишича, шу муносабат билан ўн минглаб хитойликлар Маонинг ватани –Хунань вилоятидаги Шаошань қишлоғига йўл олишган. 

1967 йили Цинхуа университетидаги хунвейбинлар Мао Цзэдунга улкан ҳайкал ўрнатишган, шундан сўнг, мамлакат бўйлаб оммавий равишда Мао ҳайкалларини ишлаб чиқариш бошланган эди. Ўша вақтда бу борада махсус стантдарт жорий қилинган бўлиб, ҳайкал баландлиги 7,1 метрни (Хитой компартияси ташкил этилган сана – 1921 йил 1 июль), умумий баланлиги 12,26 метрни (Мао туғилган ой ва кун) ташкил этиши ҳамда ўнг қўлини кўтариб турган ёки икки қўлига ортида бўлган шаклда акс эттирилиши лозим эди. 

Бу талваса 1969 йил июнь ойида барҳам топа бошлади. Ўшанда, Моа образини кўкларга кўтаришга барҳам бериш кўрсатмаси берилган эди, деб ёзади Global Times. Ўша вақтдаги ҳисоб-китобларга кўра, 1967-1969 йилларда Хитой бўйлаб 2 мингдан ортиқ Мао Цзэдун ҳайкали ўрнатилган. 

1980 йилда Хитой раҳбарияти шахсга сиғиниш бўйича кўрсатмани эълон қилди. Шундан бери, кўплаб ёдгорликлар олиб ташланди, шу жумладан, Цинхуа Университети кампусидаги ҳам. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бугунги кунда Хитойда Мао Цзэдунга бағишлаб ўрнатилган 180та ёдгорлик сақланиб қолган. Уларнинг айримлари маданий ёдгорлик сифатида эътироф этилган. 

1993 йили доҳий таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан мамлакатда яна Мао ҳайкалчилиги авж ола бошлади. Аммо, энди бу ҳайкаллар пул топиш манбасига айланган эди. Нашрнинг ёзишича, Мао ҳайкалларига муносабатнинг ўзгаришидан ҳам Хитой жамиятидаги жараёнларни билиб олса бўлади. 

2008 йилда Чунцин Тиббиёт университетида Маонинг 37,4 метрлик 46 тонна келадиган улкан ҳайкали ўрнатилди, деб ёзади газета. Айрим маълумотларга кўра, бу Хитойдаги энг йирик ёдгорлик бўлиб, унинг қиймати 5 миллион юань (720 минг доллар)га баҳоланган.

Шунга қарамай, ҳозирги вақтда Мао ҳайкаллари Хитойнинг атиги бир нечта университетларида сақланиб қолган. Бироқ, унинг таълимотлари Хитой ўқув юртларида мажбурий фанлар ҳисобланади. 

 

Мавзуга оид