Фан-техника | 18:26 / 04.01.2017
5210
2 дақиқада ўқилади

Япония компанияси мутахассисларининг деярли ярмини сунъий идрок тизими билан алиштирмоқда

Япониянинг Fukoku Mutual Life Insurance суғурта компанияси ўзининг тўловлар бўйича мутахассислари сонини тахминан уч бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда. Уларнинг ўрнини IBM Watson бошқарувидаги сунъий идрок тизимлари эгаллайди. Раҳбариятнинг ҳисоб-китобига кўра, бу компанияга йилига 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни иқтисод қилиш имконини беради, деб ёзади Quartz нашри.

Компания 2017 йилнинг мартигача 34 нафар суғурта ходимини ишдан бўшатиш ниятида. IBM Watson тизими 2017 йилнинг январидан бошлаб амалга татбиқ этилади.

Сунъий идрок технологиялари госпитал ва касалхоналардаги ҳужжатларни кўздан кечириш ҳамда суғурта тўловларини ажратиш билан шуғулланади: беморларнинг касаллик тарихи ва тиббий карталарини ўрганиш, ташҳис ва олиб борилган амалиётлар. Бўлимда эндиликда тахминан 80 ходим ишлайди ҳамда улар тизим тавсияларини текшириш ва тасдиқлаш билан машғул бўлишади.

Компания тизимни ўрнатиш учун тахминан 1,7 миллион АҚШ доллари ва уни қўллаб-қувватлаб туриш учун йилига 128 минг АҚШ долларидан сарфлайди.Компания раҳбарияти ишлаш самарадорлиги 30 фоизга ортишини кутмоқда.

 

Мавзуга оид