Ўзбекистонлик аёл ҳали-ҳануз фарзанди билан кўриша олмаяпти
"Кунцево" ИИБ ходимлари ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидовадан 1 ёшли қизини тортиб олишгани ҳақида хабар берилган эди. Қизча мана 12 кундирки, Москвадаги 1-сонли шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида бўлиб, она парваришига муҳтож. Бу ҳақида Нилуфарнинг адвокати Баҳром Исмоилов маълум қилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, полиция ходимлари қизчани қаровсиз қолган бола сифатида қайд этишган ва шунга доир ҳужжат тузишган ҳамда шу ҳужжат асосида болани шифокорлар қўлига топширишган.
Дастлаб шифокорлар Нилуфарга шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан келган тақдирда, боласи билан кўришиши мумкинлигини айтишган. У Ўзбекистон элчихонаси томонидан берилган маълумотнома билан шифохонага келган, бироқ шифокорлар барибир онага болани кўрсатишмаган.
"Болани қайтариш ва у билан мулоқот қилишга қаршилик қилишди, зеро ҳужжатларда боланинг гўёки қаровсизлиги туфайли тортиб олинганлиги қайд этилган. Уларга кўра, бола ота-онасиз топилган, бу эса ҳақиқатга умуман тўғри келмайди, чунки Ўзбекистон фуқароси полицияга бола билан бирга келган. Шунга қарамай, ҳужжат ёлғон маълумотлар асосида тузилган. Энди эса аёл ушбу ҳужжатни бекор қилишга эришиш учун васийлик органлари хулосасини кутишга мажбур", - дея изоҳ беради Исмоилов Facebook саҳифасидаги ОАВ учун қолдирган баёнотида.
Вазият билан яқиндан таниш бўлган мустақил журналист Соҳиба Ҳайитбоеванинг сўзларига кўра, қизча она парваришига муҳтож, чунки Нилуфар қизини она сути билан боққан.
Унинг сўзларига кўра, журналист боланинг аҳволини билиш мақсадида шифохонага шифокор Фотима Бўронова ҳамроҳлигида борган, бироқ шифокорлар ҳатто унга ҳам болани кўрсатишмаган. Нилуфарнинг турмуш ўртоғи Россиядан депортация қилинганлиги туфайли депрессия ҳолатида эканлиги қайд этилган. Аёлнинг ўзи эса бола билан кўришиш имконининг йўқлиги сабаб доимий руҳий босим остида.
"Наҳотки, бола кимнинг фарзанди эканини аниқлаш мумкин бўлмаса? Нилуфар менга телефонида боланинг туғилган пайтидан бошлаб, то бугунги кунгача бўлган даврдаги суратларини кўрсатди. ДНК таҳлили орқали аниқлаш мумкин-ку, ахир", - дейди Соҳиба Ҳайитбоева.
Журналистнинг сўзларига кўра, бугун Нилуфарнинг адвокати шу масалада прокуратурага мурожаат қилиб, болани онасига қайтариш учун имкон борича ҳаракат қилади.
Бундан авввал асли андижонлик бўлган Нилуфар икки йилдан бери Москвада яшаётгани ва унинг фарзанди Россия ҳудудида туғилгани ҳақида хабар берилганди. 2016 йил декабрь ойининг охирида ҳужжатлар йўқолганини билган аёл Кунцево туманидаги ИИВ бўлимига шу масала бўйича мурожаат қилган.
Полиция ходимлари Нилуфар Мамасаидованинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлигига асосланиб, қизчани тортиб олишга қарор қилишган, Ўзбекистон фуқаросининг ўзини эса уч суткага тергов изоляторига жойлаштиришган.
Бу ишга ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Исмоиловдан ташқари Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва РФ президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатли ходими Анна Кузнецова жалб қилинган. Кузнецова ҳозир энг асосийси - Ўзбекистон фуқаросига фарзандини қайтариш учун барча шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлаган.
Мавзуга оид
11:47 / 13.11.2024
Москвада чақирилувчиларга Россиядан чиқиб кетиш тақиқлангани ҳақида хабар берилди
19:24 / 27.10.2024
Москвада хорижлик мигрантлар учун патент нархи қарийб 20 фоизга ошади
12:56 / 25.10.2024
Германиянинг Москвадаги элчиси РФ ТИВга чақирилди
12:12 / 28.09.2024