Жаҳон | 19:02 / 10.01.2017
10053
4 дақиқада ўқилади

Европага аномал совуқ об-ҳаво ёпирилди

Фото: RIA

Европанинг турли мамлакатларида сўнгги кунларда кузатилган кучли совуқлар сабаб бир неча ўн киши ҳалок бўлди. Кучли қор Истанбулни “фалаж” қилиб қўйган бўлса, Италиянинг бир қатор ҳудудларида ҳукумат фавқулодда вазият ҳолатини киритишга тайёр турибди, Греция мактабларидаги таҳсиллар бекор қилинди.
ОАВ маълумотларига кўра, Европанинг турли шаҳарларида совуқ уриши сабаб камида 40 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти – бошпанасиз инсонлар ва муҳожирлар.

Польшада об-ҳаво охирги ҳафта якунида рекорд даражадаги совуқ – 41 даража ҳароратни ташкил қилди. Бунинг оқибатида бир неча ўн киши ҳалок бўлди. Мамлакат фуқароларидан ҳушёр бўлиб, бошпанасиз, кекса ва ёлғиз инсонларга кўпроқ эътибор қаратишни сўрашмоқда. 

Италия ҳукумати мамлаканинг бир қатор жанубий вилоятларида фавқулодда вазият ҳолатини киритишга тайёр. Бу маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари рекорд даражадаги совуқ об-ҳаво сабаб етказилган зарар туфайли юз бериши мумкин. 

Римнинг Il Messaggero газетаси маълумотларига кўра, Апеннин ярим оролида шундай об-ҳаво сабаб тўққиз киши ҳалок бўлди. Улар совуқ уришидан вафот этишган.
Сербияда ҳам беш кундан бери аёзли об-ҳаво кузатилмоқда. Республика гидрометеорология бошқармасига кўра, бу ерда 22 даража совуқ қайд этилган. Расман бир киши ҳалок бўлгани айтилди. 

Грецияда эса мамлакатда кузатилган совуқ об-ҳаво сабаб мактаблардаги дарслар бекор қилинди. Сабаби бу ердаги мактаблар, аксарият уйлар каби совуқ ҳавога мослаштирилмаган.

Германияда эса кучли қор ёғиши давом этмоқда. Мамлакатдаги ҳаво ҳарорати 10 даража совуқ атрофида қолиши хабар қилинди. 

“Аксель” бўрони ўтган ҳафта Болтиқ денгизининг немис соҳилига жиддий зарар етказди. Сув остида ўнлаб автомобиллар қолган. 

Испания давлат метеорология хизмати маълумотларига кўра, мамлакатнинг 20 вилоятида сешанба куни об-ҳаво сабаб хавфнинг сариқ ёки тўқ сариқ даражаси эълон қилинди. Баъзи бир туманларда 20 сантиметрлик қор ёғиши кутилмоқда. 

Истанбулда эса шанбадан душанбага қадар давом этган кучли қор мегаполисдаги ҳаётни “фалаж” ҳолатга солиб қўйди. Баъзи бир туманлардаги қор ҳажми 130 сантиметрга етди. Шаҳар аэропортларида уч кун давомида 1,5 мингдан ортиқ авиарейслар бекор қилинди.

 Истанбул ҳукумати давлат хизматчилари иш кунини 15.30 га қадар камайтирди. Босфор бўғози эса кемалар қатнови учун ёпилди. 

Шунингдек, Истанбулдаги кучли қор шаҳарнинг барча мактаблари ва бир қатор университетларида дарсларнинг бекор қилинишига сабаб бўлди. 
Буюк Британияда ҳафта охирида кескин ҳаво ҳарорати пасайиши ва кучли қор ёғиши кутилмоқда. 

Чехияда эса сешанба куни эрталабдан ҳаво ҳарорати 3-5 даража совуқни ташкил қилди. Қор ёғиши тўхтаган, аксарият йўллар кимёвий моддалар ёки техник туз билан қопланди. Бироқ полиция ҳайдовчиларга эҳтиёт бўлиб ҳаракатланишни тавсия қилди. Мамлакатда пайшанба-якшанба кунлари кучли совуқ сабаб олти киши, уларнинг бештаси – бошпанасизлар, ҳалок бўлди.

Мавзуга оид