Жаҳон | 10:40
1011
3 дақиқада ўқилади

Штайнмайер: Европа Россия ва АҚШнинг «шафқатсизлик сиёсати»га ўз модели билан жавоб бериши керак

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Европа Россия ва АҚШ томонидан илгари сурилаётган, унинг таъбири билан айтганда, «янги шафқатсизлик руҳи»га қарши ўзининг ҳуқуқ ва қоидаларга асосланган моделини илгари суриши лозимлигини билдирди. Унинг фикрича, Украинадаги уруш ва АҚШ ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар Европа учун янги геосиёсий воқеликни юзага келтирган.

Фото: REUTERS

Штайнмайер ZDF телеканалига берган ёзги интервюсида Россиянинг Украинага босқини ҳамда АҚШда ташқи сиёсат ва қадриятлар борасида юз берган ўзгаришлар Европа учун «икки карра тарихий бурилиш»ни вужудга келтирганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Германия ва бошқа Европа давлатлари йирик давлатлар сиёсатига тақлид қилмаслиги керак. Президент Россия ва АҚШ муайян муддат халқаро ҳуқуқ ва қоидаларсиз ҳам манфаат кўриши мумкинлигини, аммо Европа бундай йўлдан бормаслиги лозимлигини қайд этди.

«Бизга халқаро тартиб, ҳуқуқ ва умумэътироф этилган қоидалар керак», — деди Германия президенти.

Штайнмайер шу билан бирга АҚШ билан муносабатларда прагматик ёндашувни сақлаш тарафдори эканини билдирди. Бироқ у ўз чиқишида АҚШ президенти Доналд Трамп номини тилга олмади.

Мерц ҳукумати ислоҳотларига баҳо берди

Интервю давомида Германия президенти канцлер Фридрих Мерц бошчилигидаги ҳукумат коалицияси 2 июл куни тақдим этган кенг қамровли ижтимоий ислоҳотлар дастурига ҳам ижобий баҳо берди.

Унинг фикрича, мазкур ислоҳотлар муҳим қадам ҳисобланади. Бироқ уларнинг самараси мамлакат иқтисодиётида реал ўсиш таъминлангандагина сезилади. Акс ҳолда ҳукумат аҳоли ишончи ва ҳурматини қайта қозона олмайди.

Президент қабул қилинган қарорларни амалга оширишда сабр-тоқат ва изчиллик муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

ГуМ рейтинги ҳақида

Штайнмайер Германиянинг ўта ўнг қарашдаги «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси сайловолди сўровларида юқори натижа кўрсатаётгани юзасидан ҳам фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича, жамоатчилик фикри сўровлари ҳали сайлов натижаси эмас ва вазият ҳал бўлиб бўлган, деб ҳисоблашга асос йўқ.

Президент марказчи сиёсий партиялар экстремистик кучларнинг мутлақ кўпчиликни қўлга киритишига йўл қўймаслик учун барча имкониятларни ишга солиши кераклигини айтди.

Штайнмайер, шунингдек, Саксония-Анҳалт сайловчилари Германия умумий электоратининг атиги уч фоизини ташкил этишини қайд этди. Шунга қарамай, мамлакат шарқида ГуМ рейтинги ошиб бораётгани жиддий эътибор талаб қилишини таъкидлади.

У сентябр ойида Саксония-Анҳалтдан ташқари Берлин ҳамда Мекленбург–Олдинги Померания ер парламентларига ҳам сайловлар ўтказилишини эслатиб, бу овоз беришлар Германия демократияси учун муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

«Сайловчилар мамлакатимизнинг демократик тизими сақланиб қоладими-йўқми, шу ҳақда қарор қабул қилади», — деди Германия президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид