Оламларни йўқдан бор этган, бандаларига Ўзини танитиш учун пайғамбарлар юборган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Башариятга Роббини танитиб, умматларини икки дунё саодати йўлига йўллаган ҳидоятчимиз, шафоатчимиз, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг муборак каломи Қуръони Каримни ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилгач, ушбу муқаддас неъматни ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлашни ваъда қилиб, шундай марҳамат қилди:

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).

Роббимизнинг ваъдаси ҳақдир. Қуръони Карим ўн тўрт асрдан буён бирор ҳарфи ўзгармай сақланиб келаётган бўлса, қиёматга қадар ҳам ана шундай маҳфуздир, чунки у Боқий Зотнинг – Парвардигоримизнинг каломидир. Аммо уламоларимиз ушбу оятда «зикр» деганда нафақат Қуръони Карим, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳам назарда тутилганини айтганлар. Зеро, ҳадислар – маъноси Аллоҳдан, ибораси Муҳаммад алайҳиссаломдан бўлган ҳикматлар, кўрсатмалардир.

Ушбу фикрнинг нақадар ҳақлигини ҳаётнинг ўзи намоён қилди, шонли тарихимизнинг ўзи тасдиқлади. Қуръони Карим дастлаб Набий алайҳиссаломнинг қалбларига нақшланиб, сўнг у зотдан бевосита ёд олган минг-минглаб саҳобаларнинг дилига жо бўлгани, авлоддан-авлодга оғизма-оғиз ўтиб, сақланиб келаётганидек, Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари ҳам дастлаб асҳоби киром, сўнг тобеъин ва табаъа тобеъинлар орқали авлоддан-авлодга оғизма-оғиз сақланиб келмоқда. Бу қадар ақл бовар қилмас катта миқдордаги маълумотларнинг асрлар давомида бирор ҳарфи ўзгармай, бирор сўз қўшилмай ёки тушиб қолмай сақланиб келиши юқоридаги ояти кариманинг мўъжизасидир.

Ҳар бир иши бениҳоят ҳикмат бўлган Роббимиз бу муборак ваъданинг рўёби учун барча керакли шарт-шароитни, муҳитни муҳайё қилиб, бандалари орасидан бу улкан масъулиятни шараф билан адо эта оладиган зотларни ҳам дунёга келтириб қўйди. Дарҳақиқат, Қуръони Каримни ёд олиб, қалбига жо қилиб, уни кечаю кундуз ўқийдиган, уни ўрганадиган ва ўргатадиган қорилар силсиласи дунёга келиб турганидек, бир неча юз минглаб ҳадиси шарифларни тўплаб, уларнинг матнини сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, ровийларини номма-ном ёд олган муҳаддислар силсиласи ҳам етишиб чиқди. 

Не бахтким, Ислом оламида энг машҳур бўлган, энг саҳиҳ ҳадисларни тўплаган, ҳадис илмига энг катта ҳисса қўшган муҳаддисларнинг кўпчилиги айнан бизнинг буюк аждодларимиздир, диёримизда туғилиб-ўсган улуғ зотлардир. 

Юртимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониши даври деб аталади. Ўша асрдан бошлаб диёримизда бутун дунёга мударрис бўлган, бутун Ислом оламида эътироф қилинган буюк алломалар етишиб чиқа бошлаган. Хусусан, Ислом умматига Қуръони Каримни тафсир қилиш ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифларни етказиш ва шарҳлаш борасида буюк ватандошларимизнинг хизмати беқиёс бўлган.