Термиз Давлат университетида 780 миллион сўмлик шартнома тўловларини сохталаштирган жиноий гуруҳ фош этилди
Термиз Давлат университетида шартнома асосида ўқийдиган талабаларнинг аксариятига тўлови амалга ошмагани ҳақида айтишди. Ҳатто ўқишни битириб кетиб, ташкилотларда ишлаётганларнинг ортидан ҳам шартнома пули тўланмаганлиги ҳақидаги қоғоз борди. Ҳамма ҳайратда. Бир қўлида шартнома пулини тўлаганлиги ҳақида берилган маълумотнома, яна бир қўлида эса тўловни амалга оширмаганлиги учун зудлик билан тўлаши ҳақидаги талабнома.
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, бу иш ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганиб чиқилди. Воқеа қуйидагидек бўлган экан. Термиз Давлат университетида тўлов-контракт ҳисобчиси бўлиб ишлаган Мухтор Хурсанов укалари Музаффар ва Мансур Хурсановлар, университетнинг бош ҳисобчиси Салоҳиддин Болтаев ва талаба Мансур Мусаевлар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда текин пул топишни мақсад қилиб, режа ўйлаб топади. Узоққа бориб юришнинг ҳожати йўқ. Бунинг учун шартнома асосида таҳсил олувчиларнинг соддаларини қармоққа туширишнинг ўзи кифоя.
Шундай қилиб, мавсум келгач, “ов”ни ҳам бошлаб юборишди. Мухтор Хурсановнинг укалари Музаффар ва Мансур ҳамда 4-босқич талабаси Мансур Мусаев нақд пул тўловчи талабаларни топиб, уларга “хўрак” ташлашади. Нақд пулни 15-20 фоиз чегирма эвазига пул кўчириш йўли билан университет ҳисобига тўлиқ ўтказиб беришни ваъда қилишади. Бу содда тўловчиларга ёқиб тушади. Яхши-да, овора бўлиб юришмайди. Кимсан, бу ишни тўловни назорат қилувчи ҳисобчиларнинг ўзи бажарар экан.
Фурсатни қўлдан бермаган жиноий гуруҳнинг “ов”и бароридан келди. Улар 2014 йил сентябрь ойидан 2015 йилнинг майига қадар бўлган вақт оралиғида 333 нафар содда тўловчини тузоққа туширишди. Натижада 780 млн. 776 минг сўм миқдорида шартнома тўловларини тўланди, деб сохталаштиришган эришишди. Университет бош ҳисобчиси Салоҳиддин Болтаевнинг хизмат компьютеридан фойдаланган ҳолда шартнома тўловларини тўлаган талабаларнинг электрон рўйхатига ўзлари томонидан пуллари ўзлаштирилган талабаларнинг номлари ҳам тиркаб қўйилди. Шу тариқа уларнинг тўловни амалга оширганликлари хусусида сохта ордерлар тузилиб, университет маркетинг бўлимига тақдим этилди. Талабаларнинг қўлига ҳам тўловдан кўнглини тўқ қиладиган маълумотнома тегди.
Энди “овчи”лар қўлга киритган маблағларини нималарга сарф қилганига қизиқиб кўрсак. Аслида-ку, бу жуда ҳам қизиқ эмас, аммо уларга нисбатан нафратимизни зиёда қилади.
Пулнинг 100 млн. сўмига 106 бош майда ва катта чорва моллари сотиб олиниб, бироз фурсатдан сўнг улар 150 млн. сўмга сотилади ва 50 млн. сўм даромад қилинади. Қолган пуллар ҳам шу каби сарф-харажатлар учун ишлатилади. Шу тариқа улар уй, машина каби оддий одамлар заҳматли меҳнати ортидан топадиган моддий бойликларга ҳеч қандай машаққатсиз эга бўлишади.
Ҳеч замонда қинғир ишнинг қийиғи кўринмай қолмаган. Ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган “азамат”ларнинг ҳам ёлғони юзага чиқди. Вилоят назорат тафтиш бошқармасининг текширувлари асосида юқорида келтирилганидек 780 млн. 776 минг сўм миқдоридаги шартнома тўловлари камомади мавжудлиги аниқланди.
Судда мазкур жиноий гуруҳнинг қилмишлари кўриб чиқилди. Уларга қонунларимизда белгиланган тартибда жазо тайинланди.
Мавзуга оид
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
19:30 / 14.10.2024
«Толибон» Ўзбекистондан «Термиз» чегара бозорида мусиқа қўймасликни сўради – ОАВ
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024