Ўзбекистон | 17:11
3641
2 дақиқада ўқилади

Термизда турар жой биносининг сувоғи шамол туфайли кўчиб тушди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолат назоратга олинганини маълум қилиб, ҳозирда девор сувоғининг кўчган қисмини таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини билдирди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Термиз шаҳридаги кўп қаватли турар жой биносининг ташқи конструкцияси шамол туфайли кўчиб кетгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Термиздаги «янги қурилган дом» деворининг ташқи конструкцияси шамол туфайли кўчиб тушгани тасвирланган видеолар тарқалди. Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан мазкур ҳолат назоратга олинган.

Маълумотларга кўра, Термиз шаҳри «Гулистон» МФЙ ҳудудидаги беш қаватли 20 хонадонга мўлжалланган турар жойнинг ташқи девор ён томонидан 35-40 квадрат метр қисми кучли шамол таъсирида кўчиб тушган.

«Ҳозирда буюртмачи-пудратчи ташкилот — «Термиз қурилиш индустрия саноат» ИК томонидан муаммони бартараф этиш мақсадида барча керакли қурилиш материаллари олиб келинган ва тегишли ишлар олиб борилмоқда», — дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Навоий вилояти Кармана туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида қурилган «дом»нинг сувоғи кўчиб тушганди. Кейинроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, сувоқнинг кўчиб тушишига базалт қопламаси сувга бўкиши сабаб бўлганини билдирганди.

Мавзуга оид