Венесуэла олий суди парламентнинг бир қатор қарорларини бекор қилди
Венесуэла олий суди мамлакат миллий ассамблеяси (парламент) томонидан қабул қилинган бир қатор қарорларни ҳақиқий эмас деб топди. Олий суднинг чоршанба куни тарқатилган баёнотида айтилишича, бу қонун чиқарувчи органнинг президент Николас Мадурони “давлат раҳбари лавозимини тарк этган” деб ҳисоблаш ҳақидаги қарорига ҳам тегишли.
Унда парламент аъзолари “қонун чиқарувчи орган фаолияти тўғрисидаги мамлакат конституцияси билан ўрнатилган низомга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишда давом этаётганликлари” ҳамда улар томонидан қабул қилинган қарорлар “ҳақиқий эмас деб топилиши” айтилди. Шу боис, Мадурога ассамблея олдида ҳукумат фаолиятига оид йиллик ҳисобот билан чиқиш қилмаслик, уни олий суд аъзоларига кўриб чиқиш учун тақдим этиш имкони берилди.
Олий суд конституцияга ҳурматсизлик қилган депутатларга “бундай ҳаракатларини дарҳол тўхтатишлари ва ўз фаолиятини мамлакатнинг асосий қонунига мувофиқ ҳолда давом эттиришлари” лозимлигини кўрсатди.
Маълумот учун, Венесуэла парламенти 9 январь куни “мамлакат президентини давлат раҳбари лавозимини тарк этган деб ҳисоблаш” ҳақидаги қарорни қабул қилди ва мамлакатда муддатдан аввалги президентлик сайловларини ўтказишга чақирди. Олий суд вакиллари эса қонун чиқарувчиларнинг бундай қарори мамлакат конституциясига хилоф эканини маълум қилди. Аввалроқ, Венесуэла етакчиси мухолиф қонун чиқарувчиларни парламент тўнтаришини амалга оширишга уринишда айблаб, парламентнинг ижро ҳокимияти билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришдан бош тортаётганини айтганди.
Мавзуга оид
08:02 / 20.11.2024
АҚШ Гонсалесни Венесуэланинг сайланган президенти сифатида тан олди
20:37 / 24.10.2024
Сахаров мукофоти Венесуэла демократик ҳаракати етакчиларига берилди
21:35 / 15.10.2024
Мадуро Илон Маскни Венесуэлада давлат тўнтаришига уринишда айблади
19:56 / 13.10.2024