Жаҳон | 08:28
723
3 дақиқада ўқилади

Венесуэлада етти кунлик мотам эълон қилинди

Венесуэлада 24 июн куни содир бўлган иккита кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2295 нафарга етди. Расмий маълумотларга кўра, яна 11 мингдан ортиқ киши жароҳатланган, қарийб 13 минг нафар аҳоли бошпанасиз қолган. Мамлакатда етти кунлик миллий мотам эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Венесуэла Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригеснинг маълум қилишича, 24 июн куни мамлакат шимолида, пойтахт Каракаснинг ғарбида жойлашган ҳудудда содир бўлган икки кучли зилзила мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли табиий офатлардан бирига айланган.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 2295 нафарга етган. Шунингдек, 11 минг 267 нафар киши турли даражада жароҳат олган, қарийб 13 минг аҳоли эса ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса ҳозирча 50 мингга яқин киши бедарак йўқолган деб ҳисобламоқда. Улардан тахминан 30 минг нафари мамлакатнинг энг кўп зарар кўрган Ла-Гуайра порт шаҳри ҳудудида бўлган.

Расмийларнинг билдиришича, қутқарувчилар вайроналар орасидан 6,5 мингга яқин одамни тирик олиб чиққан. Айни пайтда, тирик қолганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Чунки кўплаб фуқаролар мустақил равишда ёки яқинлари ёрдамида вайроналар остидан чиқиб кетган.

Фожиа муносабати билан Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес мамлакатда етти кунлик миллий мотам эълон қилди. Мотам 1 июл куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан бошланди.

У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган мурожаатида, Венесуэла халқи ҳалок бўлганлар оилалари дардига шерик эканини таъкидлаб, жароҳатланганлар, бедарак йўқолганлар ва табиий офатдан жабрланган барча фуқаролар учун дуо қилинишини билдирган.

24 июн куни мамлакат шимолида бир ҳудуднинг ўзида атиги 39 сония фарқ билан магнитудаси 7,2 ва 7,5 балл бўлган икки кучли зилзила қайд этилган. Мутахассислар бу ҳодисани «сейсмик дублет» деб атамоқда. Бу бир ҳудудда қисқа вақт ичида кетма-кет икки йирик зилзиланинг содир бўлиши билан изоҳланади.

Зилзилалардан кейин ўнлаб афтершоклар кузатилган. Оқибатда кўплаб турар жой бинолари вайрон бўлган. Айниқса, мамлакатнинг энг йирик денгиз порти ва халқаро аэропорти жойлашган Ла-Гуайра штати энг катта зарар кўрган ҳудуд сифатида қайд этилмоқда.

Табиий офат туфайли мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда. Қутқарув хизматлари вайроналар остида қолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид