Жамият | 19:34 / 14.01.2017
26144
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ноодатий автосаёҳат ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги Ф-4766-сонли Фармойиши ижросини таьминлаш мақсадида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти Кенгаши томонидан ноодатий автосаёҳат ташкил этилди.

Саёҳат вилоятнинг бир неча туманлари бўйлаб 120 километрлик масофада ўтказилди. 15дан ортиқ миллий автомобилларимизда ташкилотнинг автомактабида таҳсил олаётган бўлажак ҳарбийлар Ўзбекистон ҳамда “Ватанпарвар” ташкилотининг байроғларини ҳилпиратиб бордилар.

Биринчи манзил Наманган шаҳридаги хотира хиёбони бўлди, меҳнат ва уруш фахрийлари ҳамда ёшлар мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиб, Ватан тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Кейинги манзиллар - Тўрақўрғон, Чуст ҳамда Поп туманларида ташкилотчилар ёшлар томонидан кўтаринки тарзда кутиб олинди. Жойларда юртимизнинг бўлажак ҳарбий аскарлари томонидан намойиш этилган ҳарбий чиқишлар барча йиғилганларнинг олқишларига сабаб бўлди.

Эьтиборли жиҳати, ҳар бир манзилда хизмат вазифасини ўташ пайтида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг фарзандларига ташкилотчилар томонидан совғалар улашилди. 

Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Чодак қишлоғи ватанпарварлик авто юришларининг сўнгги манзили бўлди. Вилоят бўйлаб байрам тадбирлари давом этмоқда.

Темурмалик ВОҲИДОВ

Мавзуга оид