Жамият | 22:42 / 07.08.2017
25393
3 дақиқада ўқилади

Гиннес рекордчиси Самарқанд SOS Болалар маҳалласига хайрия пули топширди

7 август куни Германия Федератив Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида таниқли немис автосаёҳатчиси ва Гиннес рекордчиси Райнер Цитлоу билан учрашув ташкил этилди. Автопойгачи россиялик автожурналист Петр Баканов ва фотограф Димитрий Макаровдан иборат ўз жамоаси билан биргаликда Шанхайдан Венециягача бўлган 12.300 км.лик масофани тез фурсатда босиб ўтиб, янги рекорд ўрнатишни мақсад қилган.

Автосаёҳатчилар ўз сафари давомида узоқ масофани "Буюк Ипак йўли" бўйлаб жойлашган қуйидаги 11 давлат орқали босиб ўтади: Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия, Болгария, Сербия, Хорватия, Словения ва Италия.

"Буюк ипак йўли" бўйлаб янги рекордни ўрнатиш истагида бўлган германиялик саёҳатчи Калуга шаҳрида ишлаб чиқарилган, 150 от кучига эга янги Volkswagen Tiguan TSI автомашинасида йўлга чиқади. У ўз жамоаси ҳамроҳлигида ушбу машинада 11 мамлакатни 6 кундан камроқ муддатда босиб ўтиш ва шу орқали жаҳон рекордини ўрнатишни режалаштирган.

Райнер Цитлоу, Гиннес рекордчиси: 

"Шарқ мамлакатларининг Европадан асосий фарқи шундаки, бу ерда ҳар доим қуёшни кўриш мумкин. Бу эса ўз навбатида одамларнинг яшаш тартиби, феъл-атворига ҳам таъсир кўрсатади. Мен доимо Шарқнинг мафтуни бўлиб келганман. У ўзининг жозибаси, сирлилиги билан кишини ўзига тортаверади.  Ўзбекистоннинг салоҳияти жуда баланд. Фикримча, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар ва уларнинг маданий мероси билан бугунгиданда кўпроқ сайёҳлар танишиши лозим". 

Цитлоу жамоаси 25 июлдан буён Венециядан Шанхайгача бўлган йўл билан танишиб келмоқда. "Янги Тигуан — Буюк Ипак йўли" деб номланган мазкур лойиҳага 20 август куни Шанхайда старт берилади. 

Маълумот ўрнида: Райнер Цитлоу 2005 йилдан буён ўзининг рекорд уринишларида босиб ўтиладиган ҳар бил километр учун 10 цент миқдорида хайрияга ажратади ва бутун дунё бўйлаб жойлашган SOS Болалар маҳаллаларини қўллаб-қувватлаб келади. Бу сафарги лойиҳасида мазкур мақсадни амалга ошириш учун Райнер Цитлоу Ўзбекистонни танлади ва Шанхайдан Венециягача бўлган 12.300 км.лик масофа учун жами 1230 евро миқдоридаги маблағни 6 август куни Самарқанд шаҳрида жойлашган SOS Болалар маҳалласига топширди. Мазкур даргоҳнинг 50 нафарча тарбияланувчиси билан учрашган Райнер болалар билан дилдан суҳбат қуриб, уларга ўзининг дунё бўйлаб ўтказилган турли сафарлари ва рекорд уринишлари ҳақида сўзлаб берди.

Райнер Цитлоу сўнгги марта 2017 йил апрель ойида Дакардан Москвагача бўлган 8.000 км масофани 3 куну 3 соатда босиб ўтиб, жаҳон рекордини ўрнатган.

Мавзуга оид