Аёл миллат юзидаги нур, қалбидаги қуёшдир. Шу боис жамиятнинг маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, меҳнат фаолиятини оиладан ажралмаган ҳолда олиб боришларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун давлатимиз томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилган. 

Маълумки, ушбу йўналишлардаги саъй-ҳаракатларда республикамизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, чунончи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам ўзига хос ўрин тутади. Бугун мазкур ташкилот олдида турган энг долзарб вазифалар нималардан иборат, қўмита фаолиятининг қайси жиҳатларини давр талабидан келиб чиққан ҳолда янгилаш, ривожлантириш зарурлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева билан суҳбатлашдик. 

— Танзила Камаловна, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда мамлакат Бош вазирининг ўринбосари ҳисобланиши давлат томонидан хотин-қизлар масаласига юксак эътибор намунаси бўлиши билан бирга, албатта, мазкур ташкилотга бўлган катта ишонч ҳамдир. Сир эмаски, ижтимоий соҳа йўналишларида кўп йиллик бой тажрибага эгасиз. Ҳозирги вақтда мамлакат ва жамият ҳаётида бўлаётган ислоҳот ва ўзгаришларда олдингизда турган асосий вазифалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз. 

— Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, Республика Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Яъни, ҳар бир жамоат ташкилоти ўз фаолиятини қайта кўриб чиққан ҳолда, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида қўйилган талабларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоғи зарур.

Бунда бизга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида белгилаб берилган устувор вазифалар дастуриламал бўлмоқда. 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу вазифалар республикамиздаги давлат ташкилотлари қатори барча нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳам асосини ташкил этмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро, давлатимиз раҳбари таклифи билан 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши барчамизга бирдек масъулият юклайди. Ушбу масъулият, аввало, халқимиз турмуши, жамият ҳаётида мавжуд бўлган турли масала ва муаммоларга комплекс ёндашувни, бунда, албатта, мамлакатимизда тобора ривож топиб бораётган ижтимоий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш, яъни бир эмас, бир нечта жамоат ташкилотлари имкониятларини бирлаштирган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал этиш тизимини яратишни талаб этади.