Жамият | 18:49 / 29.01.2020
11288
3 дақиқада ўқилади

Зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилиши маълум қилинди

Бугун, 29 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда ИИВ бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори Нилуфар Ғиёсова ҳимоя ордери олиш жараёнини тушунтириб берди.

«Ҳимоя ордери ҳақида Қонуннинг 23-моддасида аниқ маълумот берилган. У 24 соат ичида зўравонликка учраган фуқарога берилади. Оиласи ва атрофдагилар томонидан тазйиққа учраган хотин-қизларга ордер қай тартибда берилади? Жабр кўрган аёл ёки бу ҳақида хабардор бўлган учинчи шахс (қўшни, қариндош ва бошқалар) яшаш ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилади.

Хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари жабрдийданинг яшаш шароитини ўрганиб чиқади. Маҳалла фаоллари, ҳудуддаги хотин-қизлар қўмитаси масъул вакиллари иштирокида вазият ўрганиб чиқилади, қўшниларнинг фикри ҳам олинади. Ҳар бир инстанциянинг хулосаси жамланиб, 24 соат муддатда ордер бериш масаласи ҳал қилинади. 30 кунлик муддат учун бериладиган ҳужжат 3 нусхада бўлади, яъни аризачи, зўравонлик содир қилган шахс ва профилактика инспекторида сақланади.

Ҳужжат юридик кучга эга ҳисобланади. 30 кун муддатда жабр кўрган аёлга зўравонлик содир қилган шахс томонидан яна тан жароҳати етказса, фуқарога нисбатан жиноят иши очилади. Хавф-хатар ҳали бартараф қилинмагани аниқланса, ҳимоя ордери муддати узайтирилиши мумкин», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова зўравонликка учраган аёллар сони ҳақида ахборот берди.

«Қўмита қошида 197та «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Марказлари» ишламоқда. Марказларга ўтган йили 22 минг 383 нафар хотин-қизлар мурожаат қилган. 7 минг 423 нафарига психологик ёдамлар кўрсатилди.

2019 йилда ҳуқуқий масалалар юзасидан 3 минг 311та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 800 нафардан ортиғи зўравонлик ва тазйиққа учраганини маълум қилган. 1146 «Ишонч телефони»га қилинган 815та мурожаатдан 50дан зиёди шу масала бўйича ҳисобланади. Демак, умумий ҳисобда 2019 йилда 1000га яқин аёллар маиший зўравонликдан азият чекишган. Бу рақам, афсуски, реалликда бундан-да юқори, чунки ҳамма ҳам тазйиққа учраётганини очиқ-ойдин айтолмайди», дейди у.

Маҳкамованинг қўшимча қилишича, қўмитага келиб тушаётган мурожаатларнинг катта қисми уй-жой, бандлик, моддий ёрдам, оилавий ва иш жойидаги зўравонлик бўйича бўлмоқда.

Мавзуга оид