Ўзбекистон | 02:25 / 20.12.2019
16449
3 дақиқада ўқилади

19 нафар маҳкума аёл Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан озодликка чиқарилди

19 декабрь куни 19 нафар маҳкума аёл муддатидан олдин суд залидан озодликка чиқарилди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бошчилигида тузилган комиссия маҳкумаларнинг Олий судга берган шикоятларини суд тартибида кўриб чиқди.

Очиқ суд мажлисида Хотин қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова ва Бош прокуратура вакиллари ҳам қатнашди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маҳкумалар ўта оғир ва оғир жиноятлари, жумладан, одам савдоси, гиёҳванд модда олди-сотдиси, ўғрилик, одам ўлдириш жинояти учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Муддатидан олдин озод қилиш масаласи кўриб чиқилаётганда уларнинг ёши, соғлиғи, оилавий шароити, жазони ижро этиш муассасасидаги ахлоқи ҳисобга олинди.

Элмира Боситхонова адашиб жиноят кўчасига кирган аёлларни Хотин-қизлар қўмитаси ўз кафиллигига олишини айтди. Шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмак бериш масаласини ўз назоратига олишини маълум қилди.

«Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида аёллар манфаати, ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича меморандум имзоланган. Унинг доирасида Олий суд билан бир неча йўналишларда чора-тадбирларни амалга оширамиз. Бу – сайёр қабуллар, озодликдан маҳрум этилганларни суд тартибида қайта кўриб чиқиш ва уларда маҳкумаларнинг жазо муддатини қисқартириш юзасидан олиб борилаётган ҳаракатлардир. Меморандум асосида суд залига киришимизга рухсат беришади, ўз навбатида, кафолат масалалари ҳам кўрилади.

Мана, бугун суд залида 19 нафар аёл озодликка чиқарилди. Бундан олдин маҳкумалар ишлари кўриб чиқилди, улар билан суҳбат олиб борилди.

Шунингдек, оилавий шароити, соғлиги, жазони ижро этиш муассасасидаги хулқи ҳисобга олинди. Озод қилинган аёллар эндиликда қўмитанинг доимий назоратида бўлади. Уларнинг бандлиги таъминланади, лозим бўлса касб-ҳунарга ўргатилади.

Бугун одам савдоси билан озодликдан маҳрум қилинган  2 нафар аёл озод этилди. Улар билан шу иллатга қарши курашишда биргаликда ишлаймиз, чунки одам савдоси қанчалик мудҳиш жиноят эканлигини бошидан ўтказганлар чуқурроқ тушунишади», – дейди Элмира Боситхонова.

19 нафар маҳкума аёл Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ, суд залидан озод этилди.

Мавзуга оид