Жаҳон | 10:12 / 18.01.2017
10518
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда Трампнинг болалиги ўтган уй сотувга қўйилди

© AP Photo/Kathy Willens

Нью-Йоркда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп болалиги ўтган уй сотувга қўйилди. Бу ҳақда The New York Times газетаси хабар берди.

1940 йилда Трампнинг отаси томонидан қурилган икки қаватли уй Манхэттендан 16 километр узоқликдаги Куинс туманида жойлашган. Трамплар оиласи бу ерда бўлажак президент 4 ёшга киргунга қадар истиқомат қилган.

Уйда бешта ётоқхона, тўртт ваннахона ва қишки боғ бор. Ўтган йилнинг декабрида уни якка тартибда иморат қурувчи Майкл Дэвис 1,4 миллион АҚШ долларига харид қилганди, бироқ бир ойдан сўнг қайта сотиб юборишни маъқул топди.

Трамп эса ўтган йилнинг сентябрида NBC телекомпанияси эфирида бу уйни харид қилиш ниятида эканини маълум қилган. "Менинг болалигим жуда яхши ўтган, - деган ўшанда у. – Мен уни сотиб олишни хоҳлайман".

Маълумот учун, сайланган президентнинг давлати унга асосан отасидан мерос бўлиб ўтган – катта Трамп Иккинчи жаҳон уруши вақтида Нью-Йоркнинг Бруклин ва Куинс туманларида арзон уй-жой қуриш билан шуғулланган. Трамп эса отасининг бизнеси йўналишини ўзгартириб, қимматбаҳо офис бинолари, меҳмонхоналар ва гольф-клубларга эътибор қаратди. Forbes журнали маълумотларига кўра, миллиардернинг бойлиги 3,7 миллиард АҚШ доллари атрофида баҳоланган. Шу билан бир қаторда, сайланган президентнинг ўзи маблағларини 10 миллиард АҚШ доллари атрофида, дея маълум қилган.
 

Мавзуга оид