Кейинги йигирма йил давомида бу технологиянинг ривожланиши амалда тўхтаб қолди. Бунга ҳуқуқий чекловлар, ҳал этилмаган акустик муаммолар ва жиддий тижорий инвестицияларнинг йўқлиги сабаб бўлди. Аммо сўнгги икки йил ичида вазият кескин ўзгарди.
АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармасининг (FAA) қуруқлик устида товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар парвозларига қўйган ярим асрлик тақиқи президент фармони билан бекор қилинди. Concorde давридан бери илк бор хусусий самолёт тезлиги товуш тезлигидан ошди. NASA эса товушдан ҳам тез учувчи лайнерлар парвозларининг асосий муаммоси бўлган “товуш зарбаси”ни ҳал қилишга қаратилган самолётни фаол синовдан ўтказмоқда. Шу билан бирга, яхши молиялаштирилган бир нечта компаниялар ҳақиқий буюртмалар, ишлаб чиқариш қувватлари ва аниқ муддатларга эга тижорий лойиҳаларни илгари сурмоқда.
XX асрда товушдан ҳам тез учувчи авиацияни иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилган омиллар тўлиқ йўқолмаган бўлса-да, бугунги манзара Concorde’нинг сўнгги тижорий парвозидан бери энг умидли давр ҳисобланмоқда.
Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида АҚШдаги қонунчилик муҳити товушдан ҳам тез учувчи авиациянинг тижорий ривожланишини деярли имконсиз қилиб қўйган эди. FAA’нинг 1973 йилдан амал қилган тақиқи сабаб ҳар қандай фойдали трансатлантик ёки трансконтинентал маршрут парвоз бошланмасиданоқ ҳуқуқий муаммоларга дуч келарди.
Ҳаммаси 2025 йил 6 июнда, Дональд Трамп қуруқлик устидаги товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар парвозлари тақиқини бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолагандан кейин ўзгарди. Ушбу ҳужжат вақтинчалик сертификатлаш стандартини жорий этишни, уни шовқин даражаси асосида белгилашни ва тадқиқот ҳамда ишланмаларга тўсқинлик қилаётган бир қатор меъёрларни бекор қилишни назарда тутди. Шунингдек, федерал идоралар ўртасида бундай дастурларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни ҳам белгилади. Бу қарор оддий рамзий қадам эмас, балки узоқ муддатли инвестициялар учун пойдевор сифатида баҳоланди.
Бу тақиқнинг амалий аҳамияти фақат АҚШ ҳаво ҳудуди билан чекланмаган эди. Чунки иқтисодий жиҳатдан жозибали маршрутларнинг катта қисми қуруқлик устидан ҳам ўтади. Агар самолёт аҳоли яшайдиган ҳудудлар устида мажбуран товушдан паст тезликка тушса, унинг асосий устунлиги — вақт тежаш йўқолиб кетарди. Фақат океан устидаги маршрутларга таяниш эса имкониятларни кескин чеклаб қўярди.
Нью-Йоркдан Лондонга 3,5 соатда: янги авиация даври бошланмоқда
Товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар парвозлари 2003 йилда, British Airways ва Air France авиакомпаниялари Concorde самолётини эксплуатациядан чиқаргач, деярли йўқолиб кетган эди. Шу билан 27 йил давом этган тезкор трансатлантик парвозлар даври якунланди.









