Жаҳон | 10:02 / 20.01.2017
4800
2 дақиқада ўқилади

Эстония хорижий ишбилармонлар ва мутахассислар учун стартап-визаларни ишга туширди

Эстония ҳукумати Европа Иттифоқидан ташқарида истиқомат қилувчи ишбилармонлар ва мутахассисларга стартап-визалар бериш дастурини ишга туширди. Startup Estonia лойиҳаси доирасида Эстония стартап-ҳамжамияти мамлакат ички ишлар вазирлиги кўмагида ривожлантирилмоқда.

Стартап-виза олишга Эстонияда ўз шахсий лойиҳасини ривожлантирмоқчи бўлган ишбилармон даъвогарлик қилиши мумкин. Агарда унинг Эстонияда компанияси бўлса, у доимий яшаш учун ҳуқуқ берувчи рухсатномани олиш бўйича мурожаат қилиши мумкин.

Стартап-виза олиш бўйича мурожаат маҳаллий стартап-ҳамжамияти иштирокчиларидан ташкил топган махсус Стартап-қўмита томонидан кўриб чиқилади. Ташкилот ўз қарорини тўққиз иш куни давомида қабул қилади, шундан сўнг мурожаат йўловчи шахсга ижобий жавоб олган тақдирда махсус код берилади. Унинг ёрдамида Эстониянинг яқин атрофда жойлашган элчихонасига виза олиш учун ҳужжатлар топшириш мумкин.

Шунингдек, дастурдан Европа Иттифоқидан ташқарида яшовчи хорижий мутахассисни ишга олмоқчи бўлган маҳаллий стартаплар ҳам фойдаланиши мумкин. Бунинг учун хорижлик ходимларни имтиёзли шартларда ишга жалб этиш ҳақида мурожаат йўллаш керак. У Стартап-қўмита томонидан  қаноатлантирилса, компания хорижлик ходимларни беш йилгача ишга олиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Хорижлик ходим узоқ муддат ҳамкорлик давомида мамлакат ҳудудида доимий яшаш учун ҳуқуқ берувчи рухсатномани олишга ҳужжатларини топшириши мумкин.

Мавзуга оид