19:25 / 25.01.2017
5067

Google Android O’ни қачон тақдим этиши маълум бўлди

Google компанияси Google I/O ишлаб чиқарувчилари анжумани санасини эълон қилди. Тадбирда асосий ўрин - Android O тақдимотига бағишланади.

Google I/O – қидирув гиганти анъанавий равишда ўзининг янги сервисларини намойиш этувчи анжуман бўлиб, ўтган йилги бундай тадбирда Android N ва янги мобил операцион тизимига мўлжалланган виртуал реаллик платформаси, Allo мессенжери, Android Wear 2.0 олиб юрилувчи ускуналар учун операцион тизим, шунингдек Google Ёрдамчи, Google Home уй ёрдамчиси, Google Фото, Duo видеоқўнғироқлар сервиси тақдим этилган. Бу йилги тадбирдан эса янада кўпроқ янгиликларни кутишмоқда.

Google I/O 2017 17 май куни бошланиб, уч кун давом этади.

Тадбир АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Маунтин-Вьюдаги Google қароргоҳидан унча узоқда бўлмаган бизнес-марказда ўтказилади.

Биринчи куни янги Android O’нинг тақдимоти бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, экспертлар компания Chrome OS янги имкониятлари ҳақида гапириб беришлари ва бизнес, кўнгилочар соҳалар ҳамда ақлли уйга мўлжалланган бошқа маҳсулотларни тақдим этишини башорат қилмоқда.

Google I/O 2017 анжумани сайти ишга туширилди, бироқ унда ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Top