Жаҳон | 14:06 / 26.01.2017
5258
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси умумий халқ муҳокамасига қўйилди

Қозоғистонда амалдаги конституцияга ҳукумат органлари ўртасида ваколатларни тақсимлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси ОАВларда тақдим этилди. Бу президент томонидан умумий халқ муҳокамасига қўйилиш учун амалга оширилган.

Қонун лойиҳасига кўра, конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар биринчи ўринда республика парламенти мавқени оширади.

Аввал ҳукумат ўз иши учун президент ва алоҳида вазиятларда Мажлис (парламент қуйи палатаси) олдида масъул бўлган бўлса, эндиликда у доимий равишда ўз ҳаракатлари учун президент ва парламент олдида жавоб беради.

Бундан ташқари, конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар ҳукумат ўз ваколатини президент эмас, балки қайта сайланган Мажлис олдида топширишини кўзда тутади. Ҳукуматнинг янги таркиби бош вазир томонидан таклиф этилади. Бунга қадар ҳукумат раҳбарининг ўзи мустақил равишда вазирлар маҳкамаси аъзоси номзодини президентга тақдим этган.

Шунингдек, таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, президент бундан буён давлат дастурини мустақил равишда маъқуллаши, шунингдек қонуний кучга эга бўлган фармонларни чиқариши мумкин бўлмайди. 

Бундан ташқари, ҳукумат аъзоларини депутатлар мурожаатига кўра вазифасидан озод этиш тартиби ҳам енгиллаштирилмоқда.

Умумий халқ муҳокамасида билдирилган таклифларни таҳлил қилиш ва бир жойга жамлаш, шунингдек қонун лойиҳасини барча таклифларни ҳисобга олган ҳолда тўлдириш ва уни президентга тақдим этиш ҳукумат органлари ваколатини тақсимлаш бўйича махсус ишчи гуруҳга топширилди.

Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев ҳокимият органларининг ваколатларини қайта тақсимлаш устида ўйлаб кўриш вақти келгани ҳақида 15 декабрь куни маълум қилган. 
"Давлат тараққиётининг янги босқичи мамлакатдаги жараёнлар учун парламент ва ҳукумат масъулиятини кучайтиришни талаб қилади. Қозоғистон президентлик бошқарувидаги давлат бўлган ва шундай бўлиб қолади. Аммо, президент, ҳукумат ва парламент ваколатларини қайта тақсимлаш масаласини кўриб чиқадиган вақт келди", - деганди Қозоғистон раҳбари.

Кейинчалик давлат раҳбари фармони билан республика ҳукумат органлари ўртасидаги ваколатни тақсимлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унга президент маъмурияти раҳбари Одилбек Жаксибеков раҳбар этиб тайинланди.

Махсус ташкил этилган гуруҳдан парламент, ҳукумат, олий суд ва бошқа давлат органлари вакиллари, шунингдек, ҳуқуқшунослар ҳамда олимлар жой олди.

Кеча эса Назарбоев Қозоғистон президенти ҳукумат органлари ваколатларини қайта тақсимлаш бўйича махсус мурожаат билан чиқиш қилди. "Ҳукуматга давлат дастурларини тасдиқлашни ўтказиш мақсадга мувофиқ. У бунинг учун бутун мажбуриятни ўзига олади. Ҳукуматга мустақил равишда ўз таркибига кирмайдиган марказий ижро органларини ташкил этиш ва ёпиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Президент ҳукумат ва бош вазир актларини рад этиш ёки тўхтатиб туриш ҳуқуқидан воз кечиши мумкин", - дея маълум қилди Назарбоев ўз мурожаатида.

Мавзуга оид