Жаҳон | 09:48 / 26.01.2017
41034
3 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров мактабларда ҳижоб ўраб юриш масаласи ҳақида гапирди

Россиянинг Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров мактабларда ҳижоб ўраб юришга қарши чиқаётганларни бу масала эмас, балки умумий ўрта таълим масканларидаги ижтимоий ҳолатлар ташвишга солиши керак, деган фикрда.

"Ишончим комилки, рўмоллар масаласи мактабдаги ҳақиқий муаммоларга эътибор қаратмаслик мақсадида кўтарилмоқда. Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, жиноятчилик, ўқитувчилар томонидан болаларнинг жинсий дахлсизлигига раҳна солиш... Ҳижоблар билан кураш олиб бораётганлар айнан мана шуларга эътибор қаратишлари шарт", - дея ёзди Қодиров Instagram’даги ўз саҳифасида.

У Россия таълим ва илм-фан вазири Ольга Васильеванинг ҳижоб ўраб юришга қарши эканидан таажжубга тушди. Қодировнинг таъкидлашича, рўмол мусулмон аёл-қизлари кийимининг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб, уни дин томонидан ўраб юришга белгилаб қўйилган.

"Шуниси ҳайратланарлики, вазир маҳаллий раҳбарларни тартибга солишнинг ўрнига, ўзининг "шахсий фикрини" миллионлаб фуқароларга ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Менинг уч нафар қизим мактабда ўқиб, ҳижоб ўраб юришади, улар фақат аъло баҳолар олади. Ольга Васильева эса улар рўмоллардан воз кечишини талаб қилмоқда? Қизларим буни ҳеч қачон қилмайди. Мен уларни мактабдан чиқариб олиб, қизларга ҳақиқий мусулмон бўлиш имкони бериладиган жойни қидиришим керакми?" – дея таъкидлаб ўтди республика раҳбари.

Маълумот учун, Россия олий суди 2016 йилнинг февралида Мордовия олий судининг республика мактабларида диний кийим-кечак кийиш ва бош кийимларни ўраб юришга қўйган тақиқини қонуний деб тан олди. Бунга қадар рўмолларни тақиқлаш ҳақидаги қарор ҳудудий ҳукумат томонидан қабул қилинган.

Россия мактабларида ҳижоб ўраб юриш жамиятда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Мамлакат президенти Владимир Путин бу масала юзасидан фикр билдириб, таълим муассасаларида ҳижоб ўраб юришда ҳеч қандай яхши нарса йўқ эканини маълум қилганди: унинг сўзларига кўра, Россияда, ҳаттоки мамлакатнинг мусулмонлар яшовчи минтақаларида бундай урф-одат ҳеч қачон бўлмаган.

Мавзуга оид