Жамият | 16:44 / 30.01.2017
16828
5 дақиқада ўқилади

Янгийўлнинг эски йўллари ёки 20 йилдан бери таъмирланмаган кўча ҳолати

Бу кўчадан ҳар куни юзлаб одам ишга қатнайди, болалар мактабга боради, кексаларнинг ҳам ўзига яраша юмуши бор. Йўл соз бўлса-ку, яхши лекин акси бўлса-чи? 

Янгийўл тумани, “Тинчлик” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Истиқлол” маҳалласи (эски номи “Мустақиллик”) ҳудудидан ўтувчи “Темирйўл” кўчасидаги (эски номи А. Аҳмедов) йўлдан юришдан одамларнинг юраги безиллаб қолган. Хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ машинада.  

Янгийўл ва Зангиота туманлари аҳолиси фойдаланадиган (аслида фойдаланиш сўзини киноя деб қабул қилиш керак) мазкур кўча таъмирдан чиқарилмаганига йигирма йил бўлганига нима дейсиз? Эътибор қилинг-а, 20 йил! Бунга маҳалла аҳли шоҳидлик берди.

— Бу кўчада ўйнаб катта бўлганмиз. Эсимни танибманки, мана шу аҳвол: ўнқир-чунқир. Кўп марталаб масъул ташкилотларга якка тартибда ҳам, жамоавий тарзда ҳам мурожаат қилганмиз. Ҳар сафар кейинги дастурга киритдик, кунлар исиши билан таъмирни бошлаб юборамиз, дея ваъда беришади. Лекин ўзгариш йўқ, — деди биз билан суҳбатда мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Дилшод Муҳаммедов. 

Суҳбатдошимизнинг куйинганича бор. Узунлиги 1 км. ҳам келмайдиган кўчанинг аҳволини суратлардан кўриб турибсиз. Ҳар қадамда учрайдиган ўйиқлардан уловни четлаб ўтиш, шикаст етказмасдан олиб чиқиш ҳайдовчидан катта маҳорат талаб қилади. Биринчи марта йўли тушганлар эса машинасини таъмирлатиши ҳам мумкин.  

Ўз исми сир қолишини сўраган мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи ёши улуғ онахон шундай деди: 

— Ҳар сафар маршруткага чиққанимда, юрагим така-пука бўлиб туради. Машина силтаб отавергани сайин қон босимим ортади. Асабларнинг эговланишини айтмайсизми!

Саломатлик масаласида гап кетар экан, яна бир масалага эътироборингизни қаратишни хоҳлар эдик. Ҳамма ҳам иссиқ жон. Баъзан уйга “Тез тиббий ёрдам”ни чақиришга тўғри келади. Табиийки, тиббиёт ходимларининг ҳаяллаб қолиши кечириб бўлмас ҳолат. Лекин юқорида тилга олганимиз “Темирйўл” кўчасидаги каби бузуқ йўлдан юришига тўғри келган хизмат машинасининг тезлигини тасаввур қиладиган бўлсак-чи?! Худо кўрсатмасин, ўз вақтида тиббий ёрдам ололмаган бемор вафот этса, бунга ким жавобгар бўлади: йўлдан минг бир қийинчилик билан юриб келган тиббиёт ходимларими ёки бузуқ йўлни ўз вақтида таъмирламаган мутасаддиларми? 

Инсон ҳаёти — бебаҳо. Ҳаёт риштаси бундай тузатса бўладиган муаммоларга боғлиқ бўлиб қолиши, шубҳасиз, кечирилмас хатодир. 

Кўпни кўрган отахонлардан бирининг фикри, айниқса, жўяли янгради: 

— Бу йўлни шунчаки асфальтлаб кетиш ярамайди. Унинг икки четидан бетон ариқчалар (лоток) ўтказилмаса, ёмғир ва анҳордан оқиб чиққан сувлар асфальтнинг сифатини бир мавсумдаёқ яна офтодаҳол қилиб қўйиши аниқ. Таъмирлаганга яраша узоқ муддатни кўзлаб иш кўриш лозим. Бундан ташқари, кўчаларимизнинг ёритиш тизими бутунлай издан чиққанлиги ҳам эътибордан четда қолмаслиги шарт. Шундай экан, мутасадди раҳбарларга бир ўтинчим бор: йўлни сифатли қилиб тузатинглар, болаларим. Элнинг дуосини олишда ҳам ҳикмат кўп! 

Муаммони ўрганиб, одамлар билан суҳбатлашар эканмиз, маҳалла аҳлининг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидан умиди катта эканлигини пайқадик. Зўр шижоат билан бошланган хайрли ишлар одамлар кўнглига умид уруғларини эккани кўнглимизга таскин берди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида раҳбарларга қарата тўғри таъкидлаганидек: “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.

Адҳам АРСЛОНОВ,
“Ishonch” мухбири.
Муаллиф олган суратлар

Мавзуга оид