Жамият | 10:20 / 15.09.2025
4942
1 дақиқада ўқилади

Янгийўлдаги тўйхонада муштлашув уюштирганлар ушланди

Жорий йилнинг 9 сентябр куни Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида бир гуруҳ шахсларнинг ўзаро муштлашаётгани акс этган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги томонидан мазкур ҳолат шу куни назоратга олиниб, тезкор қидирув тадбирлари ташкил этилди.

Фото: ИИВ

Маълум бўлишича, 9 сентябр куни соат 21.30 ларда 29 ёшли фуқаро ўзининг синфдошлари билан шаҳар ҳудудида жойлашган тўйхона ҳовлисида турган вақтида, унга аввалдан таниш бўлган 1997 йилда туғилган фуқаро бошчилигидаги бир гуруҳ шахслар давлат рақами ўзбошимчалик билан ечиб олинган автомашинада кириб келган.

Шундан сўнг, фуқаро ҳамда унинг шериклари ўрталарида бўлган низо сабабли, 29 ёшли фуқарони қўл ва оёқлари билан уриб унга тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан, жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида, жиноят ишига алоқадор бўлган шахслар процессуал тартибда қўлга олиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш« тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Шунингдек, жиноятда гумонланувчи, 2000 йилда туғилган шахсларга нисбатан қидирув эълон қилиниб, ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид