Жаҳон | 12:17 / 30.01.2017
12142
3 дақиқада ўқилади

Британия матбуоти: Германия – Россиянинг навбатдаги нишони?

Германия канцлери Ангела Меркель дунёдаги либерал тартибни ҳимоя қилиш мақсадида тўртинчи муддатга курашиш учун қатъий бел боғлаган, деб ёзади Британиянинг Financial Times газетаси. Бироқ, немис мулозимлари расмий Москва ўнг кучлар ғалабасини таъминлаш учун сайловларга аралишиши мумкинлигидан хавотирда. 

Шу баҳона, Financial Times нашри, ўтган йили Берлинда истиқомат қилувчи рус оиласи билан боғлиқ халқаро можарони ёдга олади. Ўтган йилнинг январь ойида рус муҳожирлари оиласи аъзоси 13 ёшли Лиза Ф. уни муҳожирлар ўғирлаб кетгани ва жинсий зўравонлик қилганини таъкидлаган эди. Бироқ, немис полицияси жиноят аломатларини ҳам, қабиҳлик ижрочиларини ҳам топа олмаган. Шундай экан, хакерлик ҳужумининг оқибатларига доир қўрқув Бундестагнинг ҳар бир аъзосига тегишлидир, деб ёзади Financial Times нашри.

Гарчи жиноят аломатлари топилмаган бўлса-да, Россиянинг етакчи ОАВ қизнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда, Германиядаги муҳожирларнинг тажовузкорлиги ва улар содир этаётган жинсий зўравонликлар хусусида қатор лавҳалар тайёрлаган эди. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров эса, немис терговчиларини сиёсий жиҳатдан муҳим ишни суриштиришни хоҳламаётганликда айблади. 

Бугунги кунда Берлиндагилар Кремль маъмурияти бу каби сохта хабарлар туфайли Германиядаги парламент сайловларига таъсир этишга уриниб кўришидан хавотирда. 

Британия нашрининг ёзишича, Россия Германияга таъсир кўрсатишнинг турли усулларига эга. Хусусан, СССР парчаланганидан сўнг, Россияга ғарб қадриятларини сингдириш мақсадида ташкил этилган қўшма ташкилотлар Москвага қўл келиши мумкин. 

Бироқ, Кремлнинг Украина ва Суриядаги ҳаракатлари сабабли, Россияга дўстона муносабатда бўлган немис элиталари муносабатларни тиклашга унчалик ҳам шошилаётгани йўқ. Шу боисдан ҳам, Москва оддий инсонларга мўлжалланган оммавий воситалар – интернет ва ОАВларидан фойдаланишга уриниб кўриши табиий ҳолдир, деб ёзади Financial Times.

Бундан ташқари, Россия хакерлик ҳужумларини ҳам амалга ошириши мумкин, деб тахмин қилади Financial Times. 2015 йилда APT 28 номи остидаги хакерлар гуруҳи Бундестаг серверларига ҳужум қилган ва маълумотларни ўғирлаган эди. Экспертлар бу гуруҳни Россия махсус хизматларига алоқадор, деб ҳисоблашади. Расмий Кремль бу айбловни инкор этган бўлса-да, газетанинг немис махсус хизматларидаги манбалари бунинг аксини таъкидлашади.

Мавзуга оид