Жаҳон | 11:30 / 30.01.2017
6955
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Грузия Россия билан дипломатик муносабатни тиклаш мумкинлигини билдирди

Грузия бош вазирининг Россия билан алоқалар бўйича махсус вакили Зураб Абашидзега кўра, Москва ва Тбилиси ўртасидаги дипломатик алоқаларни тиклаш масаласи кун тартибига қўйилиши мумкин. Албатта, бу айрим шартларга боғлиқ бўлади, деб ёзмоқда «Известия» нашри.

2017 йил февраль ойи бошларида Прагада Абашидзе ва Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин ўртасида музокара бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бироқ, ҳозирча, дипломатларнинг сўзларига кўра, томонлар дипломатик муносабатларни тиклаш масаласини муҳокама қилишмайди. Грузия бош вазири махсус вакилининг сўзларига кўра, учрашув вақтида савдо-иқтисодий, транспорт коммуникацияси ва «айрим гуманитар муаммолар» муҳокама қилинади.

«Бошқача сўз билан айтганда, биз аниқ мавзуларни кўриб чиқамиз. Икки томонлама муносабатларнинг Абхазия ва Цхинвали минтақасига доир бирмунча мураккаб масалалари халқаро Женева музокараларида муҳокама қилинади», — деган Абашидзе. 

Унинг сўзларига кўра, Тбилиси маъмурияти амалий масалалар бўйича мулоқотни Прага ва Женева халқаро мулоқоти доирасида давом эттиришга тайёр. 

«Бунинг учун Грузия томони шай ва сиёсий хоҳишга эга», — деб таъкидлаган Грузия махсус вакили. 

Россия президенти Владимир Путин 23 декабрь куни ўтказган ҳар йиллик матбуот анжуманида, Грузия ва Россия ўртасидаги виза тартибини бекор қилиш имкониятини рад этмаслигини билдирган эди. 

Мавзуга оид