Фан-техника | 22:19 / 01.02.2017
15326
2 дақиқада ўқилади

NASA: Эгизакларнинг бири Ерда қолди, иккинчиси эса - самода

Яқинда инсон парвози тарихидаги энг қизиқ космик тадқиқотлардан бирининг натижалари эълон қилинди.  NASA шу ҳақида хабар берди

Скотт ва Марк Келли — бир-бирига ўхшаш эгизак ака-укалар ҳамда астронавтлар бўлиб, улар ажойиб тажрибада қатнашишди: Скотт халқаро космик станцияда (ХКС) бошқа космонавтлар билан бирга 340 суткага самога парвоз қилди, Марк эса Ерда қолди. 

Twin Study номли лойиҳа узоқ космик парвозларнинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш учун йўлга қўйилди. Бир хил ген асосга эга ака-укалар олимларга жуда кўп тиббий маълумотлар тақдим этишди, улар яқин келажакда ўрганиб чиқилади. Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ баъзи қизиқ деталлар пайдо бўлди. 

Инсон хромосомаларида теломерлар бўлади - уларнинг узунлиги ҳар янги ҳужайра бўлинишида қисқаради. Улар чексиз бўлина олмайди, шу боис қариш омилларидан бири ҳисобланади. Олимларнинг аниқлашича, миссия давомида Скоттнинг теломерлари укасиникига нисбатан узунроқ бўлган. Астронавт Ерга тушганида унинг теломерлари тезда парвоз олди ҳолатига қайтган. 

Шунингдек ака-укалар ДНКсида ҳам баъзи тафовутлар аниқланган, бироқ кўрсаткичлар бироз вақтдан сўнг яна аввалги ҳолатига қайтган. Бу нимани англатиши олимларга ҳозирча қоронғи. NASA бошқа астронавтлар билан ҳам тадқиқот ўтказишни режалаштирмоқда. 

Эгизаклар билан ўтказилган тадқиқот "эгизаклар парадокси"ни ёдга олишга мажбур қилади: нисбийлик назарияси доирасида Эйнштейн ёруғлик тезлигига яқин тезликда ҳаракатланишда вақт секинлашиши тўғрисидаги хулосага келган. Демак, Скотт космик кема бортида бир йилни ўтказиб, ёшарган бўлиши мумкин. ХКС ёруғлик тезлигида ҳаракатланмайди, албатта. Бироқ эҳтимол тез орада тажриба натижалари инсоннинг қаришига оид саволларга жавоб топар. 

Мавзуга оид