Ўзбекистон | 17:10 / 03.02.2017
28189
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сергелида ер усти метроси қурилишини бориб кўрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Президент ташаббуси билан транспорт соҳаси, жумладан, метрополитенни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакат транспорт тизимида муҳим ўринга эга Тошкент метрополитени аҳолига янада кенг қулайликлар яратиш, йўловчиларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Чилонзор, Ўзбекистон ва Юнусобод линияларидан иборат Тошкент метрополитени бугун пойтахт аҳли ва меҳмонларига самарали транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда.

Метрополитеннинг Сергели йўналиши аввалгиларидан фарқли тарзда ер устидан ўтади. Қурилиш ишлари 2017-2020 йилларга мўлжалланган мазкур йўналишнинг узунлиги 7,1 километрни ташкил этади. У тўлиқ ишга тушиши билан бир йилда 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш мўлжалланган. 

Давлат раҳбари қурилиш ишлари билан танишар экан, бу лойиҳа Ўзбекистон тарихида ягоналигини алоҳида таъкидлади. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида бекатлар устининг ёпиқ бўлиши, поездлар қатновида узилишлар бўлмаслиги кераклигини қайд этиб ўтди. 

Бу иншоот шаҳарнинг «Чоштепа» маҳалласи оралиғидан ўтади. «Сергели» йўналиши метронинг «Олмазор»€ бекатидан уланади, шунингдек, яна 6та бекат қурилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид