Жаҳон | 11:28 / 05.02.2017
14354
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили Украинага юқори баҳо бериб юборди

Грузиянинг собиқ президенти ва Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили Украина "Европанинг буюк давлати" бўлиши керак деб айтди ва Европа Иттифоқи усиз яшай олмаслигини таъкидлаб ўтди. У бу ҳақда "Радио Вести"га берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Украина Европанинг буюк давлати бўлишга маҳкум. Ҳозир биз "биз ундаймиз-бундаймиз, бизга хиёнат қилишмайдими?" деб айтмоқдамиз. Украинанинг бир неча аввалги ҳукумати, афсуски, Украинани халқаро сиёсат субъектидек эмас, объектидек кўрсатган. Украиналик аскарлар ҳаттоки шу кунлар ҳам дунёга улар Европани Европадаги энг тажовузкор армиядан қутқаришганини намойиш қилишди ва уни қутқаришда давом этишмоқда, шунинг учун бутун Европа украиналиклар олдида қарздор", деб айтган Саакашвили.

Унинг айтишича, Украина Европа Иттифоқидан сўраши керак эмас, балки унга нима қилиш кераклигини уқдириши керак. 

"Украина ҳозирда нафақат "Бизни ташлаб кетманг, илтимос" деб сўраш, илтижо қилиш ҳуқуқига эга, балки аксинча, уларга "Сиз буни, буни қилишингиз керак" деб айтишга ҳақли, чунки Европа Иттифоқи ва умуман Европа Украинасиз яшай олмайди. Европанинг Украинасиз келажаги йўқ. Украина иқтисодий салоҳияти бўйича қудратли Европа давлатидир", деб таъкидлаб ўтди сиёсатчи.

Мавзуга оид