Жаҳон | 18:50 / 06.02.2017
16250
2 дақиқада ўқилади

Кремль FoxNews телеканалини Путин ҳақидаги хунук сўзлар учун узр сўрашга чақирди

Фото: © РИА Новости

Американинг FoxNews телеканали бошловчиси Билл О' Рейли президент Дональд Трамп билан интервью жараёнида Россия президенти Владимир Путинни қотил деб атагани учун узр сўраши керак. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди.

"FoxNews ходимининг бундай сўзларини ҳақоратомуз ва ножўя сўзлар деб ҳисоблаймиз. Биз телекомпания президентга қарата билдирилган бундай сўзлар учун узр сўраши керак деб биламиз", деган Песков.

У АҚШ президентининг интервью вақтидаги сўзларини изоҳсиз қолдиришини қўшимча қилиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, О' Рейли Трампга берган саволиларидан бирида Путин билан келгусида қандай муносабат ўрнатмоқчи эканини сўраганди.

«Шундай деяқолай: Россия билан муроса қилмагандан кўра, муроса қилган яхшироқ. Агар Россия бизга ИШИД билан, бутун дунёдаги терроризм билан курашда ёрдам берса, бу яхши бўлади. У билан чиқишиб кета оламанми? Мутлақо билмайман», — деб жавоб берганди Трамп.

Шунда журналист Ғарб Москва ва Путинга томон билдирган айбловлар ҳақида эслатди. У Путинни қотил деб атади.

"Қотиллар кўп. Бизда ҳам қотиллар бисёр. Сизнингча бизнинг давлат ҳеч нарсада айбдор эмасми?" — дея журналистнинг сўзини кесганди америкаликлар раҳбари.

У интервью давомида Путинни ҳурмат қилишини тан олганди.

Мавзуга оид