Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эрон раҳбарлиги учун «уч яхши номзод» борлигини айтди
АҚШ президенти Хоминаийнинг ўғлини «арзимас шахс» деб атади ва Эроннинг янги раҳбарини танлаш жараёнида шахсан иштирок этиш нияти борлигини билдирди. Шу билан бирга, АҚШ разведкаси мамлакатда режим алмашиши эҳтимолига шубҳа билан қарамоқда.
Фото: Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп Axios нашрига берган интервюсида Эронда ҳокимиятга Мўжтабо Хоминаий келишини қўллаб-қувватламаслигини ва мамлакатнинг янги раҳбарини танлашда шахсан иштирок этиш нияти борлигини билдирди. Интервю 5 март, пайшанба куни эълон қилинди.
«Улар вақтни бекор сарфлаяпти. Хоминаийнинг ўғли — арзимас одам. Мен тайинлаш жараёнида иштирок этишим керак, худди Венесуэлада Делси (Родригес) билан бўлгани каби», — деди Трамп Axios’га берган интервюсида.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, 56 ёшли, авиаҳужумлар натижасида ҳалок бўлган олий раҳбарнинг ўғли Вашингтон учун «қабул қилиб бўлмайдиган номзод». Шунингдек, аввалги сиёсатни давом эттирадиган бошқа ҳар қандай ворис ҳам мақбул эмас. Акс ҳолда, Трампнинг таъкидлашича, АҚШга «беш йилдан кейин яна уришишга тўғри келади».
Трамп аввалроқ бу лавозим учун «жуда яхши уч номзод» борлигини айтган, аммо уларнинг исмини очиқламаган.
Трамп, шунингдек, агар Теҳрон Вашингтон билан ҳамкорлик қилишни бошласа, Эрон ҳукуматининг кўпчилик аъзолари ўз лавозимларида қолиши мумкинлигини айтди — бу Венесуэлада бўлгани каби бўлиши мумкин. Унинг фикрича, янги раҳбар «Эронга уйғунлик ва тинчлик олиб келиши» керак.
Мўжтабо Хоминаий 28 феврал куни отаси ҳалок бўлганидан кейин Эроннинг олий раҳбари лавозимига асосий номзод бўлиб қолмоқда. Янги раҳбарни 88 нафар уламодан иборат экспертлар ассамблеяси сайлаши керак. Унинг президиуми аъзоси Маҳмуд Ражабий 4 март куни бу жараён аллақачон бошланганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Эрон мухолифат нашри Iran International Мўжтабо аллақачон сайланганини иддао қилди. Исроил эса аввалги сиёсатни давом эттирадиган ҳар қандай янги Эрон раҳбарини «йўқ қилиш учун нишон» деб ҳисоблашини билдирди.
The New York Times манбалари таъкидлашича, ҳокимиятнинг отанинг ўғлига ўтиши шиа руҳонийлари орасида маъқулланмайди ва Мўжтабонинг тайинланиши мамлакат ичида норозиликка сабаб бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, АҚШ разведкаси Эронда режим алмашиши эҳтимолини шубҳа остига қўймоқда.
Reuters манбаларига кўра, мухолифатнинг ҳокимиятга келиш эҳтимоли жуда паст деб баҳоланмоқда. Чунки мамлакатнинг сиёсий ва ҳарбий тизимининг асосини Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ташкил қилади ва унинг вакиллари ўз имтиёзларидан ихтиёрий равишда воз кечиши эҳтимоли кам.
Ҳозир Эронни уч кишидан иборат вақтинчалик кенгаш бошқармоқда: президент Масъуд Пезешкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний ва Алиризо Арофий.
Мавзуга оид
23:40 / 06.03.2026
“Эрон уруши домино эффектига сабаб бўлиши мумкин” – таҳлилчилар
23:31 / 06.03.2026
АҚШ ва Исроил Эронни йиқита оладими? Уруш стратегияси қай томон ўзгарди?
22:06 / 06.03.2026
Россия Эронга АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектлари тўғрисидаги маълумотларни бермоқда – ОАВ
20:56 / 06.03.2026