Жаҳон | 22:27 / 07.02.2017
13867
2 дақиқада ўқилади

Зимбабве ҳукумати АҚШ элчисига "ўзини банан дарахтига осишни" таклиф қилди

Фото: RIA

Зимбабве ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашганидан хавотир билдирган америкалик дипломатларни кескин танқид қилди. Бу ҳақда Зимбабвенинг Herald ҳукумат газетаси маълум қилди.

6 февралда АҚШнинг Харарадаги элчихонаси Зимбабведа инсон ҳуқуқларига амал қилиш "ёмонлашиб бораётгани" ҳақида баёнот берган. Элчихона ходимларининг хавотирланишига маҳаллий руҳоний Ивэн Мавариренинг ҳибсга олиниши сабаб бўлган. Руҳоний ижтимоий тармоқларда ҳукуматга қарши норозиликлар ташаббусчиси бўлган.

Зимбабве президентининг матбуот котиби Жорж Чарамба АҚШ вакилларининг баёнотига жавобан америкалик элчи Кичик Гарри К.Томасни, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама маъмурияти ва Зимбабвенинг кўп йиллик етакчиси Роберт Мугабе ўртасидаги зиддиятларни назарда тутиб, "даҳшатли замонлар қолдиғи" деб атаган. 

"У (АҚШ элчиси) бизга қўмондонлик қила оламан, деб ўйламоқда. У бориб, ўзини банан дарахтига оссин", деб айтган Чарамба.

Чарамба унинг мамлакати АҚШнинг янги маъмуриятидан ишора кутаётганини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид