Жаҳон | 19:14 / 08.02.2017
40285
2 дақиқада ўқилади

Ашхободда уйлардан кондиционерлар мажбуран олиб ташланмоқда

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ёз иссиқ ўтганига қарамасдан аҳоли хонадонларига кондиционер ўрнатишга рухсат берилмаяпти, ўрнатиб бўлганлар эса кондиционерларни демонтаж қилишга мажбурланмоқда. Бу ҳақда «Туркманистон хроникаси» нашри хабар берди.

Маҳаллий ҳукумат вакиллари бир неча кун давомида кўп қаватли уйларни айланган ва уйларнинг ташқи деворларига ўрнатилган кондиционерларни олиб ташлаш буюрилган. Шаҳар ҳукуматининг фикрича, улар бинонинг ташқи қиёфасини хунуклаштиради. 

Хабар қилинишича, махсус ходимлар 50 манат эвазига (3,49 манат - 1 доллар), кондиционерларни демонтаж қилиш (қисмларга ажратиш) ҳамда олиб ташлаш учун хизматини таклиф этмоқда. Улар пулни кондиционер фреонини (совуқ ҳаво чиқариши учун махсус суюқлик) сақлаб қолган ҳолда демонтаж қилишлари учун олишади, акс ҳолда фреон тўкиб ташланади. Кейинроқ кондиционер бошқа жойга ўрнатилганида унга фреон қуйиш 250-300 манатга тушади.

Ашхободликлар кондиционерларини ташқаридан қаралганда кўринмайдиган бошқа жойга қайта ўрнатишмоқда, баъзилар эса кондиционерни зина ҳудудига ўрнатиб олмоқда.

6 февраль куни Туркманистон парламенти "Архитектура фаолияти тўғрисида"ги қонунни қабул қилди. Расмий нашрларнинг ёзишича, бу қонун шаҳардаги бинолар кишига эстетик завқ бериши лозимлигини кўзда тутади.

Қайд этиш керакки, Туркманистон пойтахтида ёз кунлари ҳарорат 45 даражагача кўтарилади. 

Бундан олдинроқ, маҳаллий нашрлар кондиционерларни демонтаж қилиш шаҳарга Шомуҳаммад Дурдилиев қайта ҳоким бўлганидан кейин бошланганини ёзганди. У 2010-2013 йилларда ҳам шаҳар ҳокими сифатида ишлаган, кейин президент аппаратига ишга ўтганди. У шу йил январида пойтахт ҳокими этиб тайинланди.

2014 йилда туркманистонликлар «дом»лардан кондиционерларни олиб ташлаш бўйича буйруққа қарши чиққан, Ашхободдаги «Парахат — 7» микрораёнида аҳоли ва ҳукумат вакиллари ўртасида келишмовчилик келиб чиққанди.

Мавзуга оид