Жамият | 20:31 / 09.02.2017
11369
3 дақиқада ўқилади

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, талаба бўлганларга «Камолот»дан моддий ёрдам кўрсатиш қоидаларига киритилган ўзгаришлар мавзусида учрашув ўтказилди

7-9 февраль кунлари «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши томонидан олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда йўналиш сардорлари учун Тошкент ирригация ва мелиорация институтида «Қишки фаоллар мактаби» лойиҳаси ташкил этилди. Унда республика бўйлаб жами 92 нафар бошланғич ташкилот етакчилари, сардорлари ҳамда Ҳаракатнинг ҳудудий Кенгашларининг Фаол ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими мудирлари иштирок этди.

Ўқув-семинар доирасида «Бошланғич ташкилот фаолиятини тўғри ташкил этиш», «Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ўқишга қабул қилинган талабаларни моддий ёрдамга тавсия этиш Қоидаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда талабаларни моддий ёрдамга тавсия этиш ишларини амалга ошириш тартиби», «Бошланғич ташкилотнинг ижтимоий-сиёсий, спорт, иқтидорли ёшлар билан ишлаш йўналишларидаги лойиҳаларни амалга ошириш» каби мавзуларда ўқув-семинар ва амалий машғулотлар ўтказилди. Шу билан бирга ўқув-семинар иштирокчилари ТИМИ «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилотида яратилган шароитлар ва ҳужжатларни юритиш тартиби билан танишди.

Ўқув-семинарнинг иккинчи кунида етакчилар фаолиятини такомиллаштириш, уларга яқиндан кўмак бериш мақсадида Олий таълим муассасалари Бошланғич ташкилотлари етакчиларининг Кенгаши ташкиле этилди ва фаолияти намунали етакчилар Кенгаш аъзолигига сайланди.

Ўқув-семинар якунида ўтилган машғулотлар юзасидан иштирокчилар тест синовларидан ўтказилди ҳамда уларга сертификат топширилди.

Ўтган йилнинг ноябрида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати матбуот хизмати олий таълим муассасаларида тўлов-контракт шакли асосида ўқиётган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 26 сентябрдаги 73, 4-2016-сон қарорига мувофиқ амалга ошиши ҳақида маълум қилганди.

Унга кўра, 2017 йилнинг 1 февралига қадар олий ўқув юрти юқоридаги шартларга жавоб берадиган талабалар рўйхатини «Камолот»га тақдим этади. Бунда талабанинг ўзлаштириши ва интизоми алоҳида инобатга олинади.

Қайд этиш керак, талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичи 71 фоиздан паст бўлмаслиги лозим. Буни аниқлаш учун талабанинг барча фанлардан тўплаган умумий баллари, шу фанлар сонига бўлинади.

Мана шу шартларга жавоб бера олган талаба 20 февралга қадар моддий ёрдам олиши тўғрисида «Камолот»га ариза беради. Ҳаракат эса 1—5 март саналари оралиғида аризаларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади. Шундан сўнг 10 банк куни давомида олий ўқув юрти ҳисоб рақамига моддий ёрдам пулини ўтказади.

Борди-ю, талаба моддий ёрдам олиш ҳуқуқидан воз кечса, олий ўқув юрти 10 кун ичида маблағни «Камолот»нинг ўзига қайтариб беради.

«Камолот» талаб қилаётган шартларнинг тўлиқ кўриниши билан мана шу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Мавзуга оид