09:38 / 10.02.2017
7681

Германия жамғарма кассалари фонди ҳамкорлигида Ўзбекистонда молиявий саводхонлик бўйича тренинглар ўтказилмоқда

2017 йил 30 январидан 3 февралига қадар Тошкент молия институти ҳузуридаги молия-банк ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тармоқлараро институтида молиявий саводхонлик бўйича тренерлар учун 5 кунлик тренинг ўтказилди. Бу ҳақда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинган.

Мазкур тадбир Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) «Ўзбекистоннинг танланган ҳудудларида иқтисодиётни барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш» Дастури доирасида Германия Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалар фонди томонидан молиявий саводхонлик мавзусида ўтказилди.

Тадбирда Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети бир гуруҳ ўқитувчи ва илмий ходимлари иштирок этиб, улар молиявий саводхонлик бўйича тренингларни интерфаол услубда ўтказиш методикаси, шу жумладан, интерфаол ўқув ўйинлар билан танишиб, амалиётда синаб кўришди.

Келгусида мазкур тренерлар касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқитувчиларини молиявий саводхонлик курсларини ўтиш бўйича тайёрлашлари кўзда тутилмоқда.

Top