Бизнесда консалтинг ва тренинг хизматлари ҳақида кўплаб чалкаш тушунчалар бор. Бу икки хизмат нимаси билан фарқ қилади? Қайси ҳолатда қай бири самаралироқ? Профессионал хизмат нимаси билан ажралиб туради? Шу каби саволлар билан сервис ва савдо бўйича мутахассис Алишер Рустамовга мурожаат қилдик.

Консалтинг, коучинг, тренингнинг бир-биридан фарқли томонлари нимада?

— Коучинг – бу бирор бир инсонни тор йўналишда мутахассис қилиш. Масалан, футбол ўйинчисида ҳам ўзининг бир тренери бўлади, тўғрими? У коуч дейилади. У билан юзма-юз ишлаб, ҳар бирининг потенциалини ўлчаб, уларнинг заифлик тарафини бартараф этишга, яъни минималлаштиришга қаратилган бир хизмат тури деса бўлади.

Тренинг деганда, бу 20 та ёки ундан зиёдроқ одам, маълум бир кўникмага эга бўлиб чиқадиган йиғилиш. Тингловчилар 20 тадан кўпроқ бўлса, бу – семинар.

Консалтинг соҳаси – бу бирор бир бизнеснинг ичига кириб, бевосита бизнес эгаси ёки бирор бир бўлими билан яқиндан ишлаш.

Тренингларда гапириладиган универсал маслаҳатлар барча учун тўғри келадими?

— Инфобизнес бўлишининг сабаби умумий илмсизликка бориб тақалади. Китоблар кўп, интернет очиқ, YouTube бор. Қачон маслаҳатлар тўғри келади, қачонки тренер ҳақиқатдан ҳам шу тор йўналишнинг эгаси бўлса. Умумий бизнес тренинг бўлса, бунинг самараси пастроқ бўлади. Масалан, бетон сотадиганлар бор, брусчатка сотадиганлар... Айрим тадбиркорлар маҳсулотини давлатга сотади, айримлари биржа орқали сотади. Бундай одам чакана сотув тренингига кириб қолса, ўтмайди-да бу нарсалар.

Тренинг – оддий тушунча: хона, одамлар ўтирибди қатор бўлиб, эшитиб ўтиришибди, семинар дарс каби. Бу теория учун, яъни назария учун керак. Бундан тепа босқичи консалтинг бўлади. Мана шу нарсаларни билдим, тушунчага эга бўлдим, ана энди ўзим шуни қила олмаяпман, кучим етмаяпти, дейдиган бўлса, консалтинг хизмати ёрдамга келади. Масалан, бориб маҳсулотингизни тарғиб қилиш, уни сотишда ёрдам бериш, мижозлар билан алоқа боғлаш.

Кўплар CRM тизими қилиб қўйган. Бирининг CRM тизимида 5000 та мижози бор экан, ҳеч қайсиси билан алоқага чиқишмаган. Шунчаки ёзиб олишар экан. Қайта алоқага чиқиш йўқ. Биз қайта алоқага чиқувдик, 470 таси қайтиб келди ва харид бўлди. Яъни ҳеч қанақа рекламасиз. Энди консалтинг хизмати деганда, мана шу сиз билан елкама-елка бизнесингиз ичида, амалиётда ишлайдиган мутахассис, компания ёки мутахассис назарда тутилади.