20:14 / 12.02.2017
6179

Биатлон ЖЧ-2017. Рафиқасидан илҳомланган Бьорндален 45-марта шоҳсупага кўтарилди

Австриянинг Хохфильцен шаҳарчасида давом этаётган биатлон бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасида қувлашмачоқ пойгада совриндорлар номи аниқ бўлди.

Франциялик биатлончи Мартен Фуркад спринтда учинчи бўлиб старт олганига қарамасдан ғолибликни қўлга киритди. Фуркад ўқ отишда бир марта хатоликка йўл қўйди. Бу француз спортчисининг жаҳон чемпионатларидаги 11-олтин медали бўлди. Фуркад ҳисобида жами 23та медаль (11 олтин, 9 кумуш, 3 бронза) мавжуд.

Иккинчи бўлиб маррага норвегиялик Йоханнес Бё етиб келди (20та ўқ отишдан 17та аниқ). Бу 23 ёшли Бёнинг ЖЧдаги 8-медали бўлди (3-3-2).

Аёллар ўртасидаги мусобақада мўъжиза кўрсатиб, бир йўла 25 поғона кўтарилишга муваффақ бўлган Дарья Домрачева турмуш ўртоғини ҳам руҳлантира олгани маълум бўлди. 43 ёшли Уле Эйнар Бьорндален бу пойгада учинчи ўринни қўлга киритди. 20 карра жаҳон чемпионатининг бу мусобақа тарихидаги 45-медали бўлди (20-14-11).

Жаҳон чемпионати мусобақалари 15 февраль куни давом эттиради. Энди спортчилар индивидуал пойгаларда иштирок этишади. Дастлаб аёллар 15 км масофада куч синашса, эртаси кунига эркаклар 20 км масофада ғолиблик учун курашга киришади.

Top