Жамият | 14:25 / 13.02.2017
8095
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда оғуфурушлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари суд қилинди

Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўлими ходимлари йирик жиноий гуруҳ фаолиятини фош қилишди. Sputnik мухбири берган маълумотга кўра, бу гуруҳ гиёҳванд моддаларнинг йирик партиясини ташиш билан шуғулланган.

Жиноий гуруҳ аъзолари Самарқанд ва Ургут туманларида истиқомат қилган кишилар бўлган. Гуруҳ бошлиғи Фарҳод Хурсандов гиёҳванд моддаси ташиш билан шуғуллангани учун муқаддам судланганди.

«Тезкор ходимлар Ургут ва Самарқанд туманлари, шунингдек, вилоят маркази Самарқанд шаҳрида наркодилерлар тармоғи ҳаракатланаётганини аниқлашди. Ушбу тармоқ аъзолари қўшни Тожикистон республикаси ҳудудидан гиёҳванд моддалар олиб келиб, тарқатиш билан шуғулланган. Самарқанд тумани ва Самарқанд шаҳри ҳудудига йирик миқдордаги опиум олиб кирилгани ҳақида маълумот олингач, махсус амалиёт ўтказилди ва жиноятчилар қўлга олинди. Ходимлар 1 килограмм 226 грамм миқдоридаги опиумни мусодара қилишди», дея маълум қилган МХХ ходими.

Жиноий гуруҳнинг асосий вакиллари Ургут туманида яшовчи Жамил Тойибов ва унинг ўғли Феруз Болтаев бўлиб, улар Тожикистондан гиёҳванд моддаларни етказиб берувчи шахслар билан алоқадор бўлишган.

Жамил Тойибов 2004 йилда ноқонуний равишда гиёҳвандлик моддалари сақлаганлик учун судланиб, 6 йил муддатга қамалганди. У 2005 йилда амнистия туфайли озодликка чиқади. Аммо у давлатнинг меҳрибонлигини қадрламаган ва одатий ҳаётга қайтмаган. Қолаверса у ўз ўғлини жиноий гуруҳга олиб кириб, уни гиёҳванд моддалар ташувчисига айлантирган.

«Жиноий гуруҳ аъзолари Аслан Бозоров, Наим Хомидов, Аслиддин Ёқубов, Равшан Жўраев, Толмас Қудратов ва Ўткир Солиевнинг яшаш жойлари текширилганида 1 килограммдан ортиқ опиум, электрон тарозилар, жиноий йўл билан топилган хорижий ва миллий валюталар мусодара қилинди», дея маълумот берган МХХ ходими.

Ушбу ҳолат юзасидан иш жиноий ишлар бўйича Самарқанд туман суди томонидан кўриб чиқилган. Судда айбланувчилар айбларига тўла иқрор бўлган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273 ва 246 моддалари бўйича айбланувчиларга 7 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган.

Мавзуга оид