Ўзбекистон | 19:27 / 16.02.2017
12000
3 дақиқада ўқилади

“Ўзкимёфарм” АЖ организмни комплекс даволайдиган препаратлар ишлаб чиқармоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча вилоятларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни маълумотларига кўра, бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатиб, уларда 2,1 мингдан ортиқ номдаги дори, тиббиёт буюмлари ва махсус техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистоннинг шифобахш ўсимликларга бойлигидан келиб чиқиб, маҳаллий ўсимликлардан дори воситаларини ишлаб чиқариш юртимиз фармацевтика саноатини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишига айланди. 120 дан зиёд корхона бундай ўсимликларни етиштириш, йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади.

“Ўзкимёфарм” акциядорлик жамияти ана шундай йирик корхоналардан биридир.

Ҳозирги кунда “Ўзкимёфарм” акциядорлик жамиятида касалликни даволаш, ташхис қўйиш ва унинг олдини олишда қўлланиладиган препаратларни яратиш ва ишлаб чиқариш ишлари амалга оширилмоқда. Қарийб юзга яқин номдаги мазкур препаратлар 14 фармакотерапевтик гуруҳни қамраб олади.

Жамиятда фитин, тефэстрол, рагосин, газолидон, микройодид, антиструмин ва нитроксолин сингари ноёб тиббий препаратлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ўзига хос гален препаратлари қиммат, синтетик препаратлар ўрнини босиб, организмни комплекс даволашда ишлатилади. Фермер хўжаликлари мазкур дориларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ўсимлик хомашёсини етиштириб, корхонага етказиб бераётир. Тайёр маҳсулот суюқ гален, капсула препаратлари, сироп, таблетка ва мазь сингари шаклларда сотувга чиқарилмоқда.

Ҳар бир ишлаб чиқариладиган дорилар туркуми “Ўзкимёфарм” акциядорлик жамиятининг микробиологик таҳлилий лабораториясида атрофлича синовдан ўтказилмоқда. Мазкур лаборатория халқаро стандартларга мос, юқори самарали замонавий техника воситалари билан жиҳозланган. Хусусан, илгари бир туркум дорини текшириш учун икки ҳафтагача вақт сарфланган бўлса, ҳозирги кунда бу иш 1-2 кун ичида амалга оширилмоқда.

Импорт ўрнини босадиган гален препаратларини яратиш ва ишлаб чиқариш мамлакатимиз фармацевтика бозорида юқори самарадор ва арзон дори воситалари номенклатурасининг янада кенгайишига хизмат қилади.

Мавзуга оид