Жаҳон | 19:53 / 18.02.2017
6475
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон ракета ҳужумлари юзасидан Покистонга эътироз билдирди

Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги 17 февралда Покистоннинг Кобулдаги элчиси Аброр Ҳусайнни чақиртириб, унга Афғонистоннинг шарқий вилоятларининг ракетадан ўққа тутилиши юзасидан эътироз билдирди. Бу ҳақда Tolo телеканали маълум қилди.  

Афғонистоннинг Нангорҳор ва Кунар вилоятларининг ракетадан ўққа тутилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди ва яна 2 киши яраланди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳикмат Ҳалил Карзай учрашув вақтида Покистон элчисига унинг мамлакатида яқинда юз берган терактлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва шу билан бирга ракета ҳужумларига тушунтириш беришни талаб қилди.     

16 февралда Покистоннинг Саҳвон-Шариф шаҳридаги шоир Лаъл Шаҳбоз Қаландар мақбараси мажмуасида портлаш юз берганди. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Теракт мажмуада суфийлик тариқатига амал қилувчилар анъанавий маросимни ўтказаётганларида юз берган. Охирги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 88 киши ҳалок бўлган, яна 300 дан кўпроқ киши жароҳатланган.      

Кейинроқ Покистон қуролли кучлари расмий вакили,  генерал-майор Асиф Ғофур Покистон армияси теракт Афғонистон ҳудудидаги "душман кучлар" буйруғи билан оширилган деб ҳисоблашини ва Исломобод жавоб чораларини кўрмоқчилигини айтган. Кейинроқ Покистон-Афғонистон чегараси хавфсизлик нуқтаи назаридан номаълум муддатга ёпиб қўйилган. 

Мавзуга оид