22:06 / 19.02.2017
8043

Пекин АҚШ-Жанубий Корея ракеталарга қарши мудофаа тизимини танқид қилди

Фото: Reuters

Хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманида Хитой вакиллари Жанубий Кореяда Шимолий Кореянинг таҳдидларидан ҳимояланиш учун АҚШнинг ракеталарга қарши мудофаа тизими жойлаштирилишини танқид қилдилар. Пекин буни "дўстларга пичоқ санчиш"га қиёслади.  

Хитой Жанубий Кореянинг Шимолий Кореянинг ракета таҳдидларидан ҳимояланиш истагини тушунишини айтди, бироқ Сеулни Пекиннинг хавотирини ҳам ҳурмат қилишга чақирди. Хитой Корея яриморолида АҚШнинг ракеталарга қарши мудофаа тизими THAAD жойлаштирилишига қарши чиқмоқда.

Хитой  РҚМ тизимининг кучли радари унинг ҳудудини ҳам кузатишидан хавотирланмоқда, шунинг учун Пекин РҚМ тизимининг Жанубий Кореяда жойлаштирилишига қаршилик билдирмоқда.  

Хитой баёнотида айтилишича, "бир давлат хавфсизлиги бошқа давлат хавфсизлигига путур етказилиши ҳисобига таъминланиши керак эмас". "Хитой Жанубий Корея ўз хавфсизлигини ҳимоялаши зарурлигини англамоқда ва шу билан бирга Жанубий Корея Хитойнинг позициясини ҳисобга олиши керак", деб айтди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И.

Хитойнинг яна бир вакили Фу Ин Хитой "Вашингтоннинг Жанубий Кореяда РҚМ тизимини жойлаштириш қарорини тушуна олмаслигини" таъкидлаб ўтди.  "Бу дўстларимиз томондан пичоқ санчишга ўхшайди", деб айтган Фу Ин ва бу тизим исталган ҳолатда Жанубий Корея хавфсизлигини оширишга олиб келмаслигини айтди.

Top