Ўзбекистон | 21:04 / 19.02.2017
140775
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда депутат ким: Ҳуқуқ ва мажбуриятлар, маош ҳамда имтиёзлар

Ўзбекистонда 213,1 минг кишига бир нафар депутат тўғри келади. Буни оддий арифметик йўл билан аниқлаш мумкин. Ўзбекистон аҳолиси сони (2017 йил маълумотига кўра 32 миллиондан ошиқ) Қонунчилик палатаси депутатлар сонига бўлинса (депутатлар сони 150 нафар), 213 минг 233 сони келиб чиқади.

2010 йил мартидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сони 120 нафардан 150 нафарга оширилганди. Қонунчилик палатасининг 135 нафар депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасининг 15 депутати мазкур ҳаракатнинг олий органи (Конференцияси) томонидан сайланади.

Таққослаш учун Европа Иттифоқи мамлакатларида бу борада ўртача кўрсаткич 1 депутатга 54 минг киши.

Жумладан, қитъанинг етакчи давлатларидан бири бўлмиш Германияда Бундестагнинг бир депутатига 123 минг киши тўғри келади. Мальтада эса 6683 кишидан бири депутат.

Аҳолиси сони 50-80 миллион атрофида бўлган Испания, Франция, Польша ва Италия каби давлатларда ўртача кўрсаткич 70 мингга 1. Германия парламентида (аҳоли сони - 80 миллион киши) 667 депутат ишлайди, Францияда (66 миллион) – 925, Буюк Британияда (65 миллион) – 1449, Италияда (61 миллион) – 952, Испанияда (46 миллион киши) – 616 депутат ишлайди.

Ўзбекистонда депутат ким?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисидаги қонунга кўра, сайлов куни 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қонунчилик палатасининг депутати бўлиши мумкин. 5 йил муддатга сайланади.

Қонунчилик палатаси депутатлари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Қонунчилик палатаси депутати дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Қонунчилик палатасининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Қонунчилик палатаси депутатига унинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.

Депутатнинг маоши қанча?
Кун.уз манбаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда депутатнинг маоши миқдори 1,5-1,7 миллион сўм (50 фоизи нақд тўланади). Шунингдек, депутатлар бир қатор имтиёзлардан фойдаланади.

Депутатнинг мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниши ҳуқуқи қонун билан белгиланган. 

Депутат ўз ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади. Фаолияти давлат сири ҳамда қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ корхоналар, муассасалар, ташкилотларга депутатнинг кириш тартиби қонунда белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенат аъзосининг мақоми тўғрисидаги қонуннинг 16-моддасига кўра, депутатнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари белгиланган.

Депутатнинг, сенаторнинг тегишли палатада ишлаган вақти умумий иш стажига ва аввалги ихтисоси бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга ошираётган сенаторни у ўзининг сенаторлик вазифаларини бажарадиган вақтда, унинг иш жойи (лавозими) сақланган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Сенаторлик вазифаларини бажараётган вақтда сенаторнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Депутатга, сенаторга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади, қонун ҳужжатларида кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ҳар йилги меҳнат таътили депутатга, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда берилади.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат тарқатиб юборилган тақдирда депутатга ёки Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади ҳамда ишга жойлашиш даврида қонунда белгиланган тартибда ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Депутат ҳуқуқлари
Депутат тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутат палатанинг органларига сайлаш ва сайланишга;
палата мажлисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;
палата мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;
қарор лойиҳалари ва уларга тузатишлар киритишга;
палата томонидан тузиладиган органларнинг шахсий таркиби ҳамда сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;
мунозараларда иштирок этишга, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар беришга;
сўров билан мурожаат этишга;
ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан изоҳ беришга;
палата мажлисида раислик қилувчига палата мажлисида муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазаси матнини топширишга;
палата таркибидаги ўзи аъзо бўлган тегишли органнинг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини палата мажлисида баён қилишга ёки бу ҳақда тегишинча Қонунчилик палатасининг Спикерига, Сенат Раисига ёзма равишда маълум қилишга;
палатага ҳисобдор ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини палата мажлисларида эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилишини, шунингдек палата қарорларининг бажарилишини текшириш ҳақида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;
палата мажлисларининг стенограммалари билан танишишга;
фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли.

Депутат, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига ҳамда Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмалари ишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Депутат мажбуриятлари
Депутат, сенатор тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисларида, шунингдек палатанинг қайси қўмитаси, комиссияси таркибига, келишув комиссияси таркибига сайланган бўлса, шу қўмита, комиссиянинг мажлисларида қатнашиши, овоз беришда Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг регламентларида белгиланган тартибда шахсан иштирок этиши шарт.
Қонунчилик палатаси, Сенат, қўмита, комиссия, келишув комиссияси мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда депутат, сенатор бу ҳақда тегишинча Қонунчилик палатасининг Спикерига, Сенат Раисига, қўмита, комиссия раисига, келишув комиссиясининг тегишли палатадан сайланган ҳамраисига олдиндан хабар қилиши шарт.

Депутат имтиёзлари
Депутат, сенатор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (такси ва шаҳар йўловчилар транспорти бундан мустасно) текин юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутат, сенатор аэропортлар ва аэровокзаллар, темир йўл вокзаллари ҳамда станцияларининг расмий шахслар ва делегациялар учун мўлжалланган залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Депутат, сенатор ўз гувоҳномасини кўрсатганидан кейин темир йўл вокзаллари ва станцияларининг чипта сотадиган кассалари, фуқаро авиацияси агентлиги ёки аэропортлар унга поезднинг ётоқли ёки юмшоқ ўриндиқли вагонидан, самолёт салонидан навбатсиз жой беришлари шарт. Депутат, сенатор палатанинг мажлисига бораётганда унга самолёт чиптаси парвоздан камида икки соат олдин, бошқа ҳолларда эса, камида бир сутка олдин берилади.

Чиптасида ўриндиқнинг тартиб рақами ҳам кўрсатиладиган шаҳарлараро; шунингдек шаҳар атрофига қатнайдиган автобусларда депутат, сенатор автовокзаллар ва автостанцияларнинг кассаларидан навбатсиз олинадиган текин чипта билан юради. Қолган барча ҳолларда депутатнинг, сенаторнинг йўловчилар транспортида юриши (такси ва шаҳар йўловчилар транспорти бундан мустасно) депутатнинг, сенаторнинг гувоҳномаси бўйича амалга оширилади.

Депутатга, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторга, агар улар Тошкент шаҳрида турар жойга эга бўлмаса, берган аризаларига биноан ваколатлари амал қиладиган муддатга оила аъзолари билан яшаш учун Тошкент шаҳрида хизмат турар жойи берилади.

Депутат, сенатор ўзига ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ берилган ҳамда ўзи эгаллаб турган хизмат турар жойини депутатлик, сенаторлик ваколатлари тугаган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай бўшатиб бериши шарт. Мазкур талабнинг бажарилмаслиги суд тартибида кўчиртирилишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид