15:22 / 21.02.2017
6434

ЮНИСЕФ 1,4 миллион бола очлик туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди

Фото: AFP

БМТнинг Халқаро фавқулодда болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) тўрт мамлакатда 1,4 миллион бола очлик туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бундай вазият Жанубий Судан, Нигерия, Сомали ва Яманда рўй бериши мумкин. Маълумотлар BFMTV томонидан тақдим этилган.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, Яманда тўйиб овқатланмасликдан 462 минг бола азият чекаётган бўлса, Нигерияда уларнинг сони 450 мингга тенг. Сомалида эса қурғоқчилик туфайли 185 минг ёш бола вафот этиши мумкин, бир неча ойлардан сўнг уларнинг сони 270 мингга ошиши мумкин. Жанубий Суданда ҳам худди шунча миқдордаги бола очликдан азият чекади.

ЮНИСЕФ ижрочи директори Энтони Лайк фожианинг олдини олиш учун тезкорлик билан ҳаракатлар кўриш лозимлигини маълум қилди. «Биз ҳали улардан кўпини асраб қолишимиз мумкин», - деган у.

27 январь куни БМТнинг фавқулодда ёрдам кўрсатиш бўйича координатори Стивен О'Брайен Яманда давом этаётган ҳарбий можаро ўз қамрови бўйича замонавий дунёдаги энг йирик очарчиликка сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Амалдорнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг тахминан 10 миллион аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигидан азият чекмоқда. Ёрдамга муҳтожлар орасида 2,2 миллион болалар бор.

Top