Жамият | 22:31 / 26.02.2017
6729
2 дақиқада ўқилади

Зимбабве президентининг 93 ёшига 93 кг лик торт тайёрланди

Зимбабве президенти Роберт Мугабе 93 ёшига бағишланган тантаналарда иштирок этди. Тантаналар мамлакатнинг иккинчи рақамли шаҳри Булавайодан 40 км узоқликда жойлашган Матобо миллий боғида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Cameroon Concord нашри. Нашр маълумотларига кўра, байрам кечаси 2 млн долларга тушган. 

Тантаналарда мамлакатнинг ҳукмрон партиясидан бир неча минг киши иштирок этган. Меҳмонлар Зимбабве кўринишидаги 93 кг лик торт билан меҳмон қилиндилар. 

Мугабе байрамга ўз суратлари ва партия гуллари билан безалган костюм кийди, унинг рафиқаси Грейс ҳам шунга ўхшаш кўйлакда бўлган.

Мугабенинг байрам нутқи бир соатдан кўпроқ давом этган. Тиниб-тинчимас президент 37 йиллик ҳукмронлигидан кейин ҳам ҳокимиятни топширмоқчи эмаслигини айтган.

2016 йил сентябрда Мугабе ўзига аталган ҳайкал очилишида иштирок этганди ва декабрда янги президентлик муддатига номзодини қўйишини айтганди. Унинг рафиқасининг айтишича, турмуш ўртоғининг ҳаттоки мурдаси ҳам сайловларда ғолиб бўлади ва у вафот этадиган бўлса, унинг номини сайлов бюллетенларига киритишга ваъда берган.

Зимбабве дунёнинг энг ночор давлатларидан бири ҳисобланади. Мамлакат мушкул иқтисодий вазиятда қолган, гиперинфляция ва улкан бюджет дефицитини бошидан кечирмоқда. Мугабе диктатура ва мухолифатни таҳқирлашда айблаб келинади.

Мавзуга оид