“Операция” барбод бўлди
Когонлик Баҳром Рўзиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) анчадан буён валюта қимматликларининг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланиб келади. Бу боис бу “касб”ни пухта ўзлаштирган. Айни чоғда, қамровни кенгроқ олиш ва мушкулини осонлаштириш мақсадида талай “ҳамкорлар” орттирган. Улар билан хоҳ юзма-юз мулоқот пайтида, хоҳ телефон орқали суҳбатлашиш чоғида бўлсин, ҳушёрликни асло унутмайди. Доимо шартлашилган, асл маъносини фақат ўзлари биладиган, бошқалар тушунмайдиган махфий сўз-иборалар воситасида гаплашади. Бунга шериклари ҳам кўникиб кетишган, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Ўша куни ҳам шундай бўлди. Ўтган йилнинг февраль ойларида унга Рустам исмли ҳамтовоғи қўнғироқ қилиб, “суюнчи” олди.
- Ҳорманг энди! – деди қувноқ оҳангда. – Бугун битта “жирний клиент” топдим.
- Ростданми? – Баҳром ишонқирамай сўради. – Хўш, баҳоси қанча экан ўша “клиент”нинг?
- Шу десанг... 83 та “кўк пиёз” керак экан.
- Ҳа, унда бир учрашиб қўйсак. Натижаси чакки бўлмайдиганга ўхшайди.
Янги мижоз “Баҳодир” билан қўнғироқлашиб, учрашув жойини ва вақтини келишиб олди. Белгиланган жойда 8 минг 300 АҚШ долларини бериб, 51 млн. 792 минг сўм пулни санаб кўриб, чўнтакларига уришди. Аммо жуфтакни ростлашга улгуришмади. Чунки зум ўтмай ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қуршовида қолишди...
Б.Рўзиев ҳамда Р.Ҳусанов жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг ҳукми билан тегишли жазога тортилдилар.
Мавзуга оид
07:40 / 22.06.2024
Икки ҳудудда тупроқ жинсларни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари аниқланди
20:29 / 05.02.2024
Бухоро ва Когонда жамоат транспорти йўлкира ҳақи ошди
07:50 / 11.06.2022
Когон магистрал газ қувурлари бошқармасида ёнғин содир бўлди
08:32 / 21.08.2021