Фарғона шаҳридаги марказий бозор ёнида валюта айирбошлаш билан шуғулланувчи гуруҳ бор. Буни фарғоналиклар яхши билишади. Банкдаги навбатлардан безган одамлар шу ерга боришади ва қандай қилиб қопқонга тушганларини ўзлари ҳам сезмай қолишади. Бу қорабозорда алданиб қолган бир нечта ҳамюртимиз бошидан ўтганларини Kun.uz'га сўзлаб берди.

Дейлик, ўша қорабозордан 100 доллар майдаламоқчисиз. “Валютчиклар” атрофингизни ўраб олишади ва 4-5 киши бир бўлиб гўёки ички ишлар ходимлари кўриб қолмасин қабилида сизни перашкахона ичкарисига олиб киришади. Шерикларидан бири эшик ёнида қоровул вазифасида туради. 100 долларни 1 млн 250 мингга келишсангиз, улар атай келишилган пулдан 50 минг сўм кам, яъни 1 млн 200 минг сўмни қўлингизга тутқазади. Сиз уни санайсиз. Табиийки, 50 минг сўм кам. Уларга бу ҳақда айтасиз.

Саррофлардан бири қўлингиздан пулни олиб санайди ва ҳақиқатан 50 минг камлигига иқрор бўлади. Санаётган пайтда у пуллар орасидан пулнинг ярмини усталик билан суғуриб олиб, бошқа чўнтагига яширган бўлади. Бошқа бир чўнтагидан эса сизга 50 минг сўм чиқариб беради. Бу орада эшик ёнида қоровул вазифасида турган шерикларидан бири: “Тезроқ қочиш керак, мелиса келяпти”, деб қўрқитади. Табиийки, ҳамма қочса, сиз ҳам қочишга ҳаракат қиласиз. Ташқарига чиқиб санасангиз, сизга берилган пул 1 млн 250 минг сўм эмас, балки 600 минг сўм чиқади. Қайтиб бозорга борсангиз, айнан ўша одамни топа олмайсиз. Топган тақдирингизда ҳам, у буни тан олмаслиги мумкин.

Биринчи мурожаатчи:

— Адашмасам, ҳафтанинг якшанба куни эди. Қариндошим касалхонада ётгани учун, унинг ҳолидан хабар олмоқчи бўлдим. Ёнимда 100 доллар бор, сўмим қолмаган экан. Фарғона шаҳрида бозорнинг ёнида “Ихлос” деган дўкон бор. Шу дўкон қаршисидаги қорабозорда доллар майдалайди кўпчилик. Буни Фарғона шаҳрида яшайдиганлар яхши билади.

Долларфурушлар перашкихона ёнида ўтиришади. Улар ёнига яқинлашиб: “Доллар майдалашим керак” деганимни биламан, бирданига олдимга учта одам югуриб келди. Тинчликми десам, ҳа қоғоз майдалайсизми дейишди. Йўқ, менда битта бор холос десам, савдолашишга ўтишди. Қисқаси, 1 млн 260 минг сўмга келишдик. Кейин перашкихонага кирадиган бўлдик, чунки у ерда камера йўқ. Улардан бири зинанинг пастида, эшик ёнида қўриқчи вазифасида турди.

1 млн 250 мингни қўлимга тутқазишди. Ҳа майли, 10 мингга розиман дедим. Пулни санадим. 1 млн 200 минг сўм чиқди. Кам-ку десам, беринг-чи деб пулни қўлига олиб санашга тушди. Санаган вақтда ростдан 50 минг кам чиқди. Кўзимнинг олдида 50 мингни устига қўшди ва менга берди. Кейинчалик бу ҳийлани тушуниб етдим: у атайлаб 50 минг сўм ёки қанчадир миқдор кам берар экан, мижоз қайтариб берганида ўзи такроран санаб, шу пайтда ярим пулни буклаб яширар экан. Қолганини устига 50 минг сўм қўшиб, худди тўлиқ қилиб бераётгандай берар экан. Ўша вақтда иккинчи одам рўпарада туриб олиб, санашимдан олдин тезроқ ҳаракат қилинглар, қўлга тушиб қолмайлик деб бақириб қўрқитиб турарди. Ортиқча ташвиш бўлмасин деб, пулни олиб чўнтагимга тиқдим. 100 долларни олиб унга бердим.