Фан-техника | 14:25 / 06.03.2017
6234
3 дақиқада ўқилади

Миллиардер Жефф Безос Ер-Ой транспорт линиясини йўлга қўймоқчи

2016 йилнинг сентябрида SpaceX компаниясининг ижрочи директори Илон Маск Марс сайёрасини фатҳ этишга оид улкан режалари ҳақида маълум қилганди. Шу ҳафтада у жамоатчиликни яна бир янгилик - 2018 йилнинг охирида SpaceX Ойга икки инсонни чиқаришини эълон қилиб, ҳайратга солди. Бироқ энди Ойга чиқишни мақсад қилган фақатгина Маск эмаслиги аён бўлди. Hi-News шу ҳақида хабар берди

Amazon ва Blue Origin каби компаниялар асосчиси ҳамда миллиардер Жефф Безос Ер ва Ой ўртасида ҳақиқий транспорт линиясини йўлга қўйиб, у ерга юклар ҳамда одамларни йўлламоқчи эканлигини маълум қилди. Безоснинг режаларига кўра, Ойга учувчисиз парвозлар 2020 йилнинг июлида бошланади. The Washington Post шу ҳақида хабар берган. 

Манбага кўра, Blue Origin компанияси 7 саҳифали ҳужжат тузиб, уни NASA аэрокосмик агентлигига ҳамда АҚШ президенти Дональд Трампнинг жамоасига йўллади.  Amazon раҳбари мазкур ҳужжатда NASA'дан "хусусий сектор эътиборини Ойга турли юкларни етказиш имкониятларига эътибор қаратиш бўйича" ташаббус кампаниясини ишга туширишни сўраган. Унда бундай бизнеснинг самарадорлиги ва жозибадорлиги компанияга NASA кўрсатиши мумкин бўлган эксперт ёрдами ва қўллаб-қувватлаш даражасига боғлиқлиги таъкидланади. 

"Бизнинг суюқ водород билан ишлаш ҳамда вертикал қўнишга оид билим ва тажрибаларимиз Ойга қўниш миссиясини тезроқ амалга ошириш имконини беради", - деб ёзган Безос. 

"Бу лойиҳани амалга оширишга иштиёқим баланд ва мен NASA кўмагида унга ўзимнинг шахсий пулларимни сармоя қилишга тайёрман", - дея қўшимча қилди миллиардер. 

Безоснинг режасига кўра, «Blue Moon» модулини (ҳозирча фақат ғоя кўринишида бўлган) Ойнинг жанубий қутбига NASA'нинг «SLS», «Атлас-5» ракета-ташувчилари ёки ўзининг «New Glenn» ракета-ташувчиси ёрдамида етказиш мумкин. Қурилманинг ўзи эса қуёш батареялари базасида ишлайди. 

Мавзуга оид