Иқтисодиёт | 20:31 / 08.03.2017
12990
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия давлат қарзи 1,7 трлн фунт стерлингни ташкил қилмоқда

Буюк Британия давлат қарзи 1,7 трлн фунт стерлингни ташкил қилмоқда, деб маълум қилди мамлакатнинг ғазначилик (молия вазири) канцлери Филип Хаммонд.

"1,7 трлн фунт стерлинглик қарз, бу эса ҳар бир уйга 62 минг фунт стерлингни ташкил қилади. Қарз миқдори ҳамон жуда юқори, давлат уни камайтириш учун барча ишни амалга оширади", деб айтди вазир.   

8 март куни Хаммонд Британия парламенти қуйи палатасига бюджет лойиҳасини тақдим қилди. Бу бюджет лойиҳаси Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича референдумдан кейин тайёрланган биринчи бюджет лойиҳаси бўлди. Ҳужжатга кўра, Британия иқтисодиёти Brexit’га қарамасдан, ўсиш даврига кирган, ваҳоланки ўтган йил ноябрда Бюджет жавобгарлиги бюроси (Британия ҳукуматига бюджет тузилишида маслаҳат берувчи ташкилот) вазиятнинг ёмонлашишини прогноз қилганди.

Хаммонднинг айтишича, Буюк Британия иқтисодиёти ўсиши Brexit туфайли билдирилган салбий прогнозларга қарамасдан, 2017 йилда прогноз қилинган 1,4 фоиз ўрнига 2 фоизни ташкил қилади.

"Британия иқтисодиёти АҚШ, Франция иқтисодиётидан кўра кўпроқ ўсган. Буюк Британия иқтисодий ўсиш бўйича Германиядан кейин иккинчи ўринда", деб айтган Хаммонд.  

Прогнозларга кўра, Буюк Британия иқтисодиёти ўсиши 2018 йилда 1,6 фоизни, 2019 йилда 1,7 фоизни ташкил қилади. Мамлакат 2 фоизлик ўсишга 2021 йилда қайтади.

2017 йилда Буюк Британияда инфляция даражаси 2,4 фоиз, 2018 йилда 2,3 фоиз ва 2019 йилда 3,0 фоизни ташкил қилиши прогноз  қилинмоқда.

Мавзуга оид