Самарқандда автомобилларни олиб қочиш ҳолатлари ортган
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссиянинг вилоят ҳудудий комиссияси томонидан шаҳарда олиб борган ўрганишлари натижаси муҳокама этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг маълум қилишича, Самарқанд вилояти ҳудудий комиссияси томонидан 10 кун давомида Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармасининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш давомида аниқланишича, Самарқанд шаҳрида айрим жиноятлар камайган бўлса-да, қотиллик, қасддан оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, фирибгарлик, ўғирлик ва автотранспорт воситасини олиб қочиш ҳолатлари ошган. 122 маҳаллада жиноятлар қайд этилган. Муқаддам судланганлар томонидан такроран жиноят содир этилиши ҳам кўпайган.
Сессияда ички ишлар идоралари, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, вояга етмаганларнинг ноқонуний равишда чет элга чиқиб кетишининг олдини олиш, ёшлар, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва турли ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Ўрганиш давомида қайд этилган камчиликлар юзасидан мутасадди идоралар раҳбарлари ва масъул ходимларнинг ахборотлари эшитилди. Шаҳарда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, бу борада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан тавсиялар билдирилди.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024