Жаҳон | 19:15 / 20.03.2017
6907
2 дақиқада ўқилади

Дутерте Европарламентдан Филиппин ишларига аралашмасликни қўпол тарзда талаб қилди

Филиппин президенти Родриго Дутерте қўпол равишда Европарламент аъзоларидан Филиппин ишларига аралашмасликни талаб қилди. Унинг бу мурожаати видеосини The Guardian нашри намойиш қилди

Дутертенинг бу талаби Филиппинда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазоси қўллаш бўйича режаларини қораловчи Европарламентнинг яқинда қабул қилган резолюцияси билан боғланган. 

"Биласизми, йигитлар... Мен инглизчада айтаман... Ўз маданиятингизни ёки динингизни бошқа давлатларга суқиштирманг, айниқса бизларга. Ишингизни қилсангиз бўлмайдими? Нимага сиз бизнинг ишларга аралашишингиз керак, жин урсин?", деб айтган Дутерте Мьянмага сафари вақтида.

2016 йил июлда Филиппинни бошқара бошлаган Дутерте гиёҳванд моддаларга қарши қаттиққўл усуллари билан ном чиқарган. У Давао шаҳри мэри бўлганда бундай жиноятларда гумон қилинганларни шахсан ўзи ўлдирганини тан олган.

Дутерте, шунингдек, ғарб сиёсатчиларига нисбатан кескин сўзлари билан машҳур. Жумладан, у БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раъд ал-Ҳусайнни "аҳмоқ" деб атаган, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамани "жин урсин, сени" деб ҳақоратлаган.  

Мавзуга оид