Жаҳон | 09:55 / 22.03.2017
23502
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: олимлар Ернинг Марс билан тўқнашувини инкор этишмаяпти

Америкалик геофизик олим Stephen Meyers миллиардлаб йиллардан сўнг, Ер ва Марс тўқнашиб кетиши мумкинлигини инкор этмаяпти. Бу ҳақда Американинг илмий-оммабоп Scientific American журнали ёзмоқда.

Meyers АҚШнинг Мэдисон шаҳридаги Висконсин университетида олим бўлиб, у ҳамкасблари билан Қуёш тизимига доир тадқиқотлар ўтказди. Уларнинг хулосаларига кўра, Қуёш тизими жуда тартибсиздир. "Ушбу тадқиқотнинг асосий кашфиёти шу бўлдики, Қуёш тизими жуда ҳам тартибсиз деган ғояни исботловчи далилнинг топилганидир", — дея Meyers сўзларини келтиради журнал. 

Meyers тизимнинг тартибсизлиги ҳақида фикр юритар экан, сўзнинг математик мазмунидан фойдаланган. Унга кўра, ушбу тизим келажаги дастлабки шарт-шароитларга боғлиқ бўлади. 

"Бу "капалак таъсири" номи билан ҳам машҳур. У мутлақ шунақа феномен. Ғоя шундан иборатки, гўёки, Ҳинд океани устидан учиб ўтган капалак бир ҳафтадан сўнг, Шимолий Америка об-ҳаво шароитига таъсир кўрсатади", — деб ёзади журнал.

Журналга кўра, сўнгги 50 миллион йилнинг ҳар 2.4 миллион йилида Ер орбитаси ўз шаклини ўзгартирган, бу эса худди шундай даврийликда иқлим ўзгаришларига олиб келган. Шунга қарамай, олим жамоаси Колорадо тупроқларини ўрганиб, 85 миллион йил аввал, бу даврийлик 1,2 миллион йилни ташкил этганини аниқлаган. Бу эса, Ер ва Марс сайёраларининг ўзаро таъсири билан боғлиқ. 

Олимнинг айтишича, бунинг оқибатларидан бири Марснинг Ер билан тўқнашувидир. Бироқ, унинг қайд этишича, бу эҳтимол жуда ҳам камдир. 

Мавзуга оид